Кашмирда террорчилик ҳужуми оқибатида 20 нафардан ошиқ киши ҳалок бўлди
Шавкат Мирзиёев ушбу воқеа сабаб Ҳиндистон президенти Драупади Мурму ва Бош вазири Нарендра Модига таъзия йўллади.

Кашмирдаги машҳур Паҳалгам тоғ курорти ҳудудида қуролланган шахслар бир гуруҳ сайёҳларга қарата ўт очди, деб ёзади AFP.
Воқеа асосий йўллардан узоқда жойлашган баланд Байсарон ҳудудида содир бўлган. Бу жой "маҳаллий Швейцария" деб аталади ва кўпинча Болливуд фильмлари учун майдон сифатида ишлатилади. У ерга фақат пиёда ёки отда бориш мумкин.
Фожиа гувоҳи, маҳаллий гид Воҳиднинг айтишича, у ўқ овозларини эшитиб, жабрланганларга ёрдам беришга шошилган. У отида бир қанча ярадорларни эвакуация қилди.
Маҳаллий ОАВ камида 20 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар бермоқда, бироқ аниқ рақамларга аниқлик киритилмоқда.
Indian Express нашрининг ёзишича, отишма икки ёки уч киши томонидан амалга оширилган. "Кашмир қаршилик гуруҳи" ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди ва ижтимоий тармоқларда минтақадаги демографик ўзгаришларга қарши эканини эълон қилди. Жангарилар келажакда Кашмирда "ноқонуний жойлашувчи"ларга қарши зўравонлик қўллаш билан таҳдид қилган.
Бу 2025 йилда сайёҳларга қилинган биринчи ҳужум. Аввалги шунга ўхшаш ҳодиса 2024 йилнинг май ойида содир бўлган, Паҳалгамда икки дам олувчи жароҳатланган эди.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ҳужумни қоралади ва ички ишлар вазири Амит Шоҳга зудлик билан минтақага учиб кетишни буюрди. Фожиа жойига армия ва полиция бўлинмалари юборилган; сайёҳлар эвакуация қилинмоқда, жангариларни қўлга олиш бўйича операция давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Кашмир ҳудудида содир бўлган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонлар нобуд бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Ҳиндистон Республикаси Президенти Драупади Мурму ва Бош вазири Нарендра Модига таъзия йўллади.
Давлат раҳбари қурбонларнинг оила аъзолари ва яқинларига, бутун Ҳиндистон халқига самимий ҳамдардлик изҳор этиб, жароҳатланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.