platina.uz

"Крокус Сити Холл" теракти доирасида жами 20 дан ортиқ киши ушланди

Россия ФХХ директорининг маълумот беришича, ушланганлар орасида теракт ижрочилари ва уларнинг бевосита шериклари бор. 

Жаҳон
24 май, 14:00
"Крокус Сити Холл" теракти доирасида жами 20 дан ортиқ киши ушланди

Москва вилоятидаги "Крокус Сити Холл"даги теракт юзасидан очилган жиноий иш доирасида 20 дан ортиқ киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда Россия ФХХ директори Александр Бортников маълумот берган.

"Маълумки, жорий йилнинг 22 март куни Москва вилоятидаги "Крокус Сити Холл" биносида даҳшатли террорчилик ҳаракати содир этилган эди. Юзлаб бегуноҳ инсонлар, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлди", - дейди у. "Ҳозирда 20 дан ортиқ одам ҳибсга олинган, улар орасида бевосита жиноятчилар ва шериклар ҳам бор”.

ФХХ раҳбарининг сўзларига кўра, терговга Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан келган ҳамкасблар ёрдам бермоқда. “Аниқланишича, террорчиларга тайёргарлик кўриш, молиялаштириш, ҳужум қилиш ва олиб чиқиб кетиш Афғонистон-Покистон ҳудудида жойлашган "Вилоят Хуросон" гуруҳи аъзолари томонидан интернет орқали мувофиқлаштирилган. Ҳужумнинг тўрт нафар иштирокчисидан икки нафари террорчилик ҳужумидан бироз олдин Туркиядан Россияга келган”, — деди Бортников.

Унинг эслашича, терактдан сўнг "террорчилар Украина чегарасига ўтиш ҳақида аниқ буйруқ олган, у ерда нариги томондан йўлак тайёрлаб қўйилганди".

"Крокус Сити Холл" концерт залидаги теракт 22 март куни кечқурун содир бўлди. Бинога қуролланган одамлар бостириб кириб, томошабинларга қарата ўқ узган. Ҳужумчилар бинони ҳам ёқиб юборишган, натижада том қулаган ва концерт зали бутунлай ёниб кетган. 140 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, 500 дан ортиқ киши жароҳат олди. Эртаси куни Бортников терактнинг тўрт нафар айбдори қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Россия расмийлари Украина раҳбариятини теракт уюштирганликда айблади. Аммо расмий Киев терактга нисбатан ҳар қандай алоқадорликни рад этди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+