АҚШ "Крокус Сити Холл"даги теракт ҳақида Россияни аввалдан огоҳлантиргани маълум бўлди
Вашингтон терактдан икки ҳафтадан кўпроқ вақт олдин Москвага маълумот тақдим этган.
22 март куни "Крокус Сити Холл"га қилинган ҳужумдан икки ҳафтадан кўпроқ вақт олдин АҚШ Россияга концерт зали террорчиларнинг потенциал нишонига айланиши мумкинлиги ҳақида маълумот берган. Бу ҳақда The Washington Post (WP) америкалик расмийларга асосланиб хабар берди.
Нашр суҳбатдошларининг таъкидлашича, Вашингтон Москвага бўлажак ҳужум ҳақидаги маълумотни АҚШнинг Россиядаги элчихонаси огоҳлантириш эълон қилишидан бир кун олдин берган.
Газета манбаларидан бирига кўра, Қўшма Штатлар Россия расмийларини Москвадаги синагогага эҳтимолий ҳужум ҳақида ҳам огоҳлантирган. 7 март куни Россия ФХХси Москвадаги синагогада ИШИД "Вилояти Хуросон" жангарилари томонидан тайёрланаётган терактнинг олдини олгани ҳақида хабар берганди.
Эслатиб ўтамиз, март ойи бошида Ғарб дипломатик миссиялари Россияда терактлар бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб, фуқароларни ушбу давлатга саёҳат қилишдан тийилишга ундаганди. Россия президенти Владимир Путин эса, бу маълумотни "навбатдаги шантаж" дея атаганди.
"Крокус Сити Холл" уюштирилган ҳужум натижасида жами 144 киши қурбон бўлди, 551 киши эса жабрланди. Ҳодисада айбланувчи сифатида ўн киши (асосан Тожикистон фуқаролари) қўлга олинди.