Қозоғистонда қор ёғади, Ўзбекистонда ҳарорат 17 даражагача пасаяди
Яқин кунларда об-ҳаво қандай ўзгариши мумкинлиги бўйича маълумот берилди.

Яқин кунларда Марказий Осиё вва Ўзбекистон ҳудудида бироз паст ҳароратли об-ҳаво кузатилади.
Бугун ва эртага Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ҳаво бироз булутли бўлиши кутилмоқда, баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилиши мумкин.
Фақат республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудлари – Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва Навоий вилоятининг шимолида ёғингарчилик кутилмайди.
Ҳаво ҳарорати бугун 18-21 даражагача, эртага 14-17 даражагача пасайиши давом этади.
20 апрел – якшанба куни фақат тоғ олди ва тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида қуруқ об-ҳаво кузатилади.
20 апрелда кечаси ва кундузи ҳаво нисбатан салқин бўлади, ҳарорат кечаси 5-10 даражагача пасаяди, кундузи эса қуёш нурлари ҳавони 20-23 даражагача иситади.
Шамол 7-12 м/с тезликда эсади, айрим жойларда 15-20 м/с гача кучаяди.
Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Синоптикларнинг хабар беришича, Қозоғистон ҳудудига шимоли-ғарбий циклон кириб келган. Бу ҳаво ҳароратининг сезиларли пасайишини ва ёмғирдан қорга ўтишни олиб келди. Ҳатто мамлакатнинг жанубий вилоятлари аҳолиси ҳам совуқнинг акс-садосини ҳис қилишди.
Бироқ, баҳорнинг кутилмаган ҳодисалари шу билан тугамайди: яқин кунларда шимолий ва шарқий ҳудудларда ёмғир давом этади, 19 апрелда ҳам қорга айланиши мумкин.
Аммо баҳор ҳамон ўз таъсирини ўтказмоқда, ёмғирга қарамай, ҳаво ҳароратининг босқичма-босқич ошиши кутилмоқда.