Ноябр бошида аксинча кам ёмғир ёғади — Ўзгидромет
Ўзгидромет ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида кучли ёмғирлар бўлиши ҳақидаги тарқалаётган прогнозларни рад этди.

Ноябрь ойи бошида Ўзбекистонда кучли ёмғирлар кузатилиши бўйича хабар рад этилди. Гидрометеорология хизмати агентлиги бу ҳақда изоҳ берди.
Ижтимоий тармоқ ва мессенджерлардаги ахборот каналларида Ўзгидромет ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида кучли ёмғирлар бўлиши ҳақида прогноз бергани тўғрисида хабарлар тарқалмоқда.
"Албатта, куз мавсумига хос бўлган ёмғирли кунларни барчамиз кутмоқдамиз. Бироқ синоптиклар прогнозларига кўра, аксинча, яқин кунларда ёғингарчилик кузатиладиган кунлар сони кам бўлиши кутилмоқда. Шу боис, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларга муносабат билдиришда расмий манбаларга таянишингизни сўраймиз", дейилади хабарда.
Аввалроқ Тошкентдаги ҳаво инверсияси қачонгача давом этиши айтилганди.





