platina.uz

Тошкентнинг Яшнобод туманида океанариум қурилади

Унинг ёнида савдо-меҳмонхона мажмуаси ҳам қурилиб, уларда жами 1 минг 600 та иш ўрни очилади.

Жамият
14 апрель, 19:14
Тошкентнинг Яшнобод туманида океанариум қурилади
Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев 14 апрел куни туризм ва бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Шу йил 9 апрелда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари юртимизнинг бой тарихи ва маданияти, ажойиб табиатидан фойдаланиб, сайёҳларни ҳозиргидан 2-3 карра кўпайтириш мумкинлигини таъкидлаган эди.

Шундай хушманзара жойлардан бири – Бўстонлиқдаги “Чорвоқ дарвозаси” мажмуаси. Президент ўтган йили декабрда унинг қурилишини бориб кўрган эди, яқинда лойиҳанинг биринчи босқичи очилди. Мажмуада 16 та кўп қаватли уй, 3 та меҳмонхона, савдо ва маиший хизмат шохобчалари, кафе ва ресторанлар, банк офиси, автотураргоҳ бўлади. Бинолар тепасига қуёш панеллари ўрнатилади.

Тақдимотда мажмуанинг кейинги босқичларини қуриш, сайёҳлар учун жозибадорлигини ошириш борасидаги ишлар ҳақида ахборот берилди. Уни арзон ва экологик тоза энергия билан таъминлаш учун Чирчиқ дарёсида кичик гидро электр станция барпо этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Яна бир лойиҳа Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида океанариум қуришга қаратилган. Чирчиқ дарёси бўйида 20 гектарда мўлжалланган ушбу океанариум сайёҳларни жалб этадиган яна бир маскан бўлади. Ёнида савдо-меҳмонхона мажмуаси ҳам қурилиб, уларда жами 1 минг 600 та иш ўрни очилади.

Шунингдек, Яккасарой туманида турар-жой ва ишбилармонлик маскани барпо этиш мўлжалланган. Унда кўп қаватли уйлар, боғча ва мактаблар, спорт ва соғломлаштириш масканлари, меҳмонхона ва савдо офислари бўлиши кўзда тутилган.

Президент лойиҳаларнинг ҳуқуқий, молиявий жиҳатлари ҳамда инфратузилма масалаларини ҳар томонлама ўйлаб, чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Мутасаддиларга сифат ва муддатни аниқ белгилаб, бажарилишини назорат қилиш топширилди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+