Шавкат Мирзиёев туризм соҳаси ходимларига табрик йўллади
2030 йилга бориб, хорижий сайёҳлар сонини йилига 20 миллион нафарга, туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 7 фоизга етказиш мақсад қилинган. Шунингдек, давлат раҳбари "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган туризм ходими" фахрий унвонини таъсис этишни таклиф этди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон туризм соҳаси ходимларига табрик йўллади.
27 сентябрь – Бутунжаҳон туризм куни нишонланмоқда. Кейинги йилларда юртимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати, виза тартибининг соддалаштирилгани, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмасининг кенгайтирилгани, тадбиркорлар учун кўплаб солиқ ҳамда божхона имтиёзлари жорий қилингани соҳа ривожига янги шиддат бермоқда.
Бунинг тасдиғини 2025 йилда Ўзбекистонга келган хорижий сайёҳлар сони 2016 йилга нисбатан салкам 6 баробар ошиб, қарийб 12 миллион нафарга етгани, туризм хизматлари экспорти 11 карра кўпайиб, 4 миллиард 800 миллион АҚШ долларини ташкил этгани мисолида яққол кўриш мумкин.
Янги Ўзбекистонннинг ўзига хос ташриф қоғози бўлган Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Бурҳониддин Марғиноний мажмуалари, Замонавий санъат маркази каби кўплаб масканлар бутун халқимиз қатори хорижий сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
"Биз бу борадаги ишларимизни изчил давом эттириб, гўзал диёримизни жаҳондаги замонавий сайёҳлик инфратузилмаси янада ривожланган энг машҳур туризм марказларидан бирига айлантиришга қарор қилганмиз. Шу мақсадда Хивада ўзида тарих ва замонавийликни уйғунлаштирган халқаро туристик шаҳарча, конгресс маркази ва тарихий-этнографик боғ барпо этиш, Ичанқалъани рақамли технологиялар асосида “ақлли” музей-мажмуага айлантиришни режалаштирганмиз.
Самарқандда эса ноёб экспонатлар жамланган Ипак йўли музейи ташкил этилади. Қорақалпоғистонда археологик ёдгорликлар бўйлаб янги туристик йўналишлар очилади. Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида “Ғилон”, Наманган вилоятининг Поп туманида “Арашан” каби янги мажмуалар ташкил этилади.
Соҳада замонавий технологияларни кенг жорий этиш, ягона миллий туризм платформасини ишга тушириш, сайёҳлик хизматларини битта тизимга интеграция қилиш, сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш, кадрлар малакасини мунтазам ошириб бориш ҳам устувор вазифа бўлиб қолади. Гастрономик, экологик, зиёрат, тиббиёт, тоғ ва саргузашт, ишбилармонлик, этно ва қишлоқ туризми каби юқори қўшилган қиймат яратадиган йўналишларни жадал ривожлантиришга алоҳида аҳамият берамиз.
Ана шундай долзарб вазифаларни амалга ошириш орқали биз 2030 йилга бориб, хорижий сайёҳлар сонини йилига 20 миллион нафарга, туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 7 фоизга етказиш, хизматлар экспортини 8 миллиард доллардан ошириш, юқори тоифадаги меҳмонхоналар сонини эса икки карра кўпайтиришни мақсад қилганмиз", дея қайд этилади табрикда.
Давлат раҳбари "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган туризм ходими" фахрий унвонини таъсис этишни таклиф этди.




