platina.uz

Наманганда кўмир таъминоти мансабдори миллиардлаб маблағларни талон-торож қилди

У жуда кўп миқдордаги кўмир маҳсулотларини турли фуқароларга бозор қийматида сотиб юборган. 

Жамият
12 апрель, 11:07
Наманганда кўмир таъминоти мансабдори миллиардлаб маблағларни талон-торож қилди

2025 йил 3 апрел куни жиноят ишлари бўйича Тўрақўрғон туман суди кўмир таъминоти мансабдорига оид иш кўриб чиқилди.

Суд ҳужжати нусхаси Platina.uz ихтиёрида мавжуд.

Маълум бўлишича, судланувчи Б.Ю. “Қўмир таъминот” МЧЖнинг Тўрақўрғон туман кўмир омбори мудири лавозимида ишлаб келган. У эгаллаб турган лавозими бўйича давлат улушига эга бўлган ташкилотнинг мансабдор шахси ҳисобланган.

Суд ишида қайд этилишича, мансабдор 2024-2025 йиллар куз-қиш мавсуми учун 2024 йилнинг 1 июнидан 17 октябр кунига қадар “Кўмиртаъминот” МЧЖ Наманган вилояти филиали Тўрақўрғон тумани кўмир омборига Тўрақўрғон, Косонсой ва Мингбулоқ тумани аҳолисига олиб келинган, манзилли сотиш учун имтиёзли нархларда 1 тоннаси 309.800 сум бўлган жами 19.863 тонна маҳаллий “БЗР” маркали кўмир маҳсулотларини қабул қилиб олган.

Шундан 6.372 тонна кўмир маҳсулотларини эҳтиёжманд хонадонларга имтиёзли нархларда сотилиб, ҳеч қандай чиқим ҳужжатлари расмийлаштирилмаган.

Айбланувчи жами 13.491 тонна 4.179.511.800 сўмлик жуда кўп миқдордаги кўмир маҳсулотларини кўмир савдоси билан шуғулланувчи фуқароларга бозор қийматида ҳар бир тоннасини 721.100 сўмдан сотиб юборган ва оқибатда 9 млрд 728 млн 360 минг сўмлик кўмир маҳсулотларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

Судланувчи Б.Ю. суд муҳокамасида айбига иқрорлик билдирди.

Якуний ҳукмга кўра, Б.Ю. Жиноят кодекси 167-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 209-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга узил-кесил ўташ учун иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 8 ой 6 куни ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Иш бўйича етказилган зарар тўлиқ қопланган.

Суд иши Олий суд порталидан олинди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+