Покистондаги кўмир конида ҳалокат сабаб 34 киши қурбон бўлди
Ўпирилишга метан портлаши сабаб бўлган. Яна бир неча киши кон остида қолиб кетгани маълум қилинди.

Покистоннинг Балужистон вилоятидаги кўмир кони ўпирилиши оқибатида камида 34 киши ҳалок бўлди. Покистоннинг Geo News каналига кўра, яна бир неча нафар кончилар ер остида қолиб кетган деб тахмин қилинмоқда.
Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда, деб таъкидлади нашр. Ҳодиса Балужистон пойтахти Кветта шаҳри яқинидаги Соранге туманида содир бўлган. Кон эгаси Қурбон Жогезайнинг сўзларига кўра, ўпирилишга метан портлаши сабаб бўлган.
Ўша пайтда конда қирқ икки киши ишлаётган эди, уларнинг барчаси Хайбер Пахтунхва вилояти аҳолиси эди.
Балужистон бош вазири Сарфраз Бугти ҳалокат ҳақида батафсил ҳисобот сўради. Унинг сўзларига кўра, агар бепарволик ёки нотўғри хатти-ҳаракатлар аниқланса, қатъий чоралар кўрилади. Бугти шунингдек, минтақавий ҳокимиятларга кўмир конларида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни таъминлашни буюрди.
