Покистоннинг Imarat компанияси Янги Тошкентдаги лойиҳаларда иштирок этиши мумкин
Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев ушбу мамлакатдаги қурилиш компанияси раҳбари Акбар Шафик билан музокаралар ўтказди. Покистонлик инвесторга кўп тармоқли бунёдкорлик лойиҳасини амалга ошириш таклиф қилинди.

Покистоннинг йирик қурилиш компанияси — Imarat Group’нинг Янги Тошкент ҳудудида йирик кўчмас мулк ва комплекс девелопмент инвестиция лойиҳаларида иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев ушбу мамлакатдаги қурилиш компанияси раҳбари Акбар Шафик билан музокаралар ўтказди. Учрашув Шавкат Мирзиёев бошчилигида Янги Тошкент лойиҳасини амалга ошириш юзасидан инвесторлар ва тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, Покистоннинг йирик девелоперлик компанияларини мазкур лойиҳага жалб этиш мақсадида ташкил этилди.
Покистонлик инвесторга ушбу ҳудудда кўп тармоқли бунёдкорлик лойиҳасини амалга ошириш таклиф қилинди. Лойиҳа замонавий турар жой мажмуалари, Grade-А тоифасидаги офис майдонлари, савдо ва умумий овқатланиш объектлари, меҳмонхона ва конференция марказлари ҳамда замонавий жамоат ҳудудларини қамраб олади.
Imarat Group’нинг кўчмас мулк соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш бўйича тажрибаси истиқболли йўналиш сифатида қайд этилди. Шу муносабат билан компанияга қурилиш лойиҳасини амалга ошириш, келгусида Янги Тошкентда кўчмас мулкни бошқариш, сотиш ва рақамли мижозларга хизмат кўрсатиш тизимларини жорий этиш имкониятларини ўрганиш таклифи билдирилди.
Муҳокамаларда Imarat Group делегациясининг Ўзбекистонга сафари ташкил этилиши ва дастлабки муҳокамалар босқичини аниқ инвестиция концепциясини шакллантириш босқичига олиб чиқиш бўйича келишиб олинди, дейилади хабарда.
Imarat Group Покистоннинг кўчмас мулк ва қурилиш соҳаларида фаолият юритувчи йирик компаниялар гуруҳларидан бири ҳисобланади.





