platina.uz
Сиёсат

Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги саммитда қатор ташаббусларни илгари сурди

Ўзаро транспорт боғлиқлиги бўйича навбатдаги Иқтисодий форум ва Инвесторлар форумини қабул қилиш таклиф этилди. 

Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги саммитда қатор ташаббусларни илгари сурди

Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги саммитда қатор таклифлар билан чиқди.

Саммит якунлари бўйича Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш ҳақида тарихий қарор қабул қилинади.

"Қабул қилинадиган ҳужжатнинг қоидаларини амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни биргаликда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Ишончим комилки, бизнинг стратегик шериклигимиз аниқ қарорлар, лойиҳа ва дастурлар билан бойитилиши керак. Шу муносабат билан, бизнинг икки минтақамиз ўртасида шериклик ва ҳамкорлик бўйича тўлақонли Битимни имзолаш масаласини кўриб чиқишни таклиф этамиз.

Биз, шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги муҳим масалалар бўйича умумий позицияларни ишлаб чиқиш учун ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари учрашувларини доимий ўтказиб бориш, парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш ва “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” парламентлараро ҳамкорлик форумини таъсис этиш ҳамда унинг илк тадбирини шу йил кузда Ўзбекистонда ўтказиш, етакчи таҳлил марказлари ҳамкорлигини кенгайтиришни таклиф этамиз", деди Ўзбекистон президенти.

Ўзбекистон саммитни ҳар икки йилда бир марта ўтказиш бўйича таклифни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Келишувларни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш бўйича тизимли ишлаш мақсадида навбатдаги йиғилишга қадар саммит котибияти функциясини ўз зиммасига олишга тайёр.

Июн ойининг бошида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан шерикликда Тошкент халқаро инвестиция форумини ўтказилади. Ушбу тадбирда Европанинг етакчи компания ва банклари билан умумий қиймати 30 миллиард евродан ортиқ бўлган жорий лойиҳалар портфелини тақдим этилади.

Мирзиёев Форум жараёнида икки минтақанинг инвестициявий имкониятларига бағишланган алоҳида сессияни ўтказишни таклиф этди.

Шу кунларда Тошкентда Европа инвестиция банки офисини очиш тўғрисида имзоланган битим Европа Иттифоқи мамлакатларидан Марказий Осиёга тўғридан-тўғри инвестициялар оқимини рағбатлантиради.

"Европалик шерикларимиз яна бир ташаббусимизни – “яшил” энергетика, инновациялар, транспорт, инфратузилма соҳаларида ва аграр секторда йирик минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун Инвестиция платформасини ишга тушириш бўйича таклифимизни қўллаб-қувватлашига умид қиламиз.

Бундан ташқари, мамлакатларимизнинг иқтисодий манфаатларини яқинлаштириш бўйича қатор янги таклифларни билдирмоқчимиз. Бу, энг аввало, инвестицияларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш тўғрисидаги кўптомонлама битимни имзолаш, хусусий сектор вакилларини кенг жалб этган ҳолда, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” қўшма савдо палатасини ишга тушириш, кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини, биринчи галда, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма минтақавий дастурларни қабул қилишга қаратилгандир.

Ўзбекистонда ўзаро транспорт боғлиқлиги бўйича навбатдаги Иқтисодий форум ва Инвесторлар форумини қабул қилишга тайёрмиз", дея таъкидлади Ўзбекистон раҳбари.

Шунингдек, экспорт қилувчилар салоҳиятини ошириш, лабораториялар, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш марказларини яратиш учун Европа Иттифоқининг техник кўмагини кенгайтириш муҳимдир.

Транскаспий транспорт коридорини кенгайтириш ва юк билан таъминлаш учун ўзаро мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни ва бизнес учун манфаатли шароитларни ишлаб чиқиш зарур.

Шу муносабат билан, келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш учун Европа Иттифоқи шафелигида ушбу йўналишда жойлашган мамлакатларнинг транспорт вазирлари учрашувини чақиришни таклиф этилмоқда.

"Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидан Европага электр энергиясини етказиб бериш бўйича халқаро лойиҳани тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Саммит арафасида ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича тегишли битимни ратификация қилдик.

Таъкидлаш ўринлики, биз 2030 йилга бориб мамлакат энергия балансида қайта тикланадиган энергия улушини 54 фоизга етказишни, 24 минг мегаватт “яшил” қувватларни ишга туширишни режалаштирмоқдамиз.

“Тоза” энергия бўйича “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” шериклигининг йўлга қўйилиши билан ўзаро ҳамкорлигимизнинг муҳим платформаси яратилиши мумкин.

Шунингдек, “углерод кредитлари” лойиҳаларини ишлаб чиқишни молиялаштириш ва уларнинг бозорини ривожлантириш учун турдош вазирликлар раҳбарлари даражасида ишчи гуруҳни таъсис этишни таклиф этамиз. Бўлиб ўтиши кутилаётган Иқлим форуми чоғида минтақанинг “Яшил” тараққиёт концепциясини тақдим этамиз", деди Мирзиёев.

Марказий Осиё мамлакатлари билан илмий-таълим ҳамкорлигини кенгайтириш учун Ўзбекистонда “Уфқ – Европа” дастури офисини очиш мумкин. Бундан ташқари, сунъий интеллект, маълумотлар “катта базалари”, рақамлаштириш, космик тадқиқотлар соҳасида илмий ва технологик алмашувлар бўйича қўшма дастурни ишлаб чиқишни таклиф этилди.

Ўзбекистон, шунингдек, минтақа мамлакатларини рақамли таълим соҳасида Европа ҳаракатлар дастурига қўшиш, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи мамлакатлари етакчи университетлари ўртасида шериклик борасида “Йўл харитаси”ни амалга ошириш бўйича ташаббусларни илгари суради.

"Хавфсизликка нисбатан умумий таҳдидлар, хусусан, терроризм, экстремизм, радикализм, кибержиноятчилик, наркотрафик ва ноқонуний миграцияга қарши курашишда ҳамкорлик тобора долзарб бўлиб бормоқда.

Европалик шерикларимизнинг терроризмга қарши курашиш масалалари бўйича мулоқотни йўлга қўйиш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлаймиз. “BOMCA” ва “CADAP” дастурлари доирасида ўзаро амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Афғонистонни тинч ривожлантириш масалаларида сиёсий маслаҳатлашувларни давом эттиришга тайёрмиз. Минг афсуски, жаҳон ҳамжамияти ушбу мамлакат ҳудудидан келиб чиқадиган барча таҳдидларни етарлича баҳолай олмаяпти.

Афғон томонини минтақавий иқтисодий жараёнларга, жумладан, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, ижтимоий соҳани қайта тиклаш йўли билан фаол жалб этиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Қабул қилинган мажбуриятларни бажариш учун халқаро ҳамжамиятнинг амалдаги афғон ҳукумати билан конструктив мулоқот ўрнатиш муҳимлигини тушуниши ва қўллаб-қувватлашига умид қиламиз.

Сўзимнинг ниҳоясида бизнинг ташаббус ва келишувларимизни амалга ошириш механизмларини жорий этиш муҳимлигини алоҳида қайд этишни истар эдим.

Шу муносабат билан, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматида Бош вазир ўринбосарлари даражасида ҳар йили учрашувлари ўтказиб бориладиган Шериклик қўмитасини таъсис этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз" дея таъкидлади президент.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid