"Ягона буюртмачи хизмати" назоратчиси билан тил бириктирган тадбиркорга ҳукм ўқилди
Улар мактаб қурилиши ва таъмирлаш учун ажратилган пулларни ўзлаштириб юборган.

Андижонда кўп миллиардлик лойиҳалар ортидан катта пул талон-торож қилган шахсларга ҳукм ўқилди. 2025 йил 4 март куни жиноят ишлари бўйича Андижон туман судида мазкур иш кўриб чиқилди. Суд иши нусхаси Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, А.А. "Xo`jaobod texnologik transport boshqarmasi” АЖ раҳбари лавозимида ишлаб келиб, мансабдор шахс бўлгани ҳолда мансаб мавқеидан фойдаланган. У айблилик масаласи ҳал қилинмай тугатилган шахс билан олдиндан тил бириктирган. Улар Марҳамат тумандаги Ойбек ва Шўрқақир МФЙ ҳудудидаги электр тармоқларини қайта қуриш бўйича тузилган 6.495.818.375 сўмлик пудрат шартномасига асосан ишлар тўлиқ бажарилгани юзасидан расмий ҳужжатларга била туриб сохта ёзув ва маълумотлар киритишган ва амалда бажарилмаган 79 млн 321 минг 751 сўмлик иш ҳажмларини қўшиб ёзиб, ушбу пул маблағларини жамият ҳисоб-рақамига ўтказилишига эришиб, ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган анча миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
А.А бундан ташқари Балиқчи туманидаги мактабда 1.227.730.325 сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланганидан фойдаланиб, бюджет маблағларини талон- торож қилиш орқали ноқонуний даромад топишни мақсад қилган. У “Ягона буюртмачи хизмати” ИК техник назоратчиси Д.И. билан тил бириктирган. Улар жами 122 млн 126 минг 727 сўм маблағларни олдиндан ўтказилишига эришиб, ўзларига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган ўзганинг кўп миқдордаги маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишган.
Судда ҳар иккала айбланувчи ўз айбига қисман иқрор бўлган.
Якуний суд ҳукмига кўра, А.А. га узил-кесил иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 3 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Д.И. га эса ўташ учун 2 муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 9 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Суд иши Олий суд порталидан олинди.