platina.uz

Автобус йўлагига кирган ҳайдовчиларга жазо миқдори белгиланди

Транспорт воситаларини тротуарлардан, пиёдалар ва велосипед йўлкаларидан, яшил майдонлардан ҳайдаш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади. 

Жамият
17 март, 17:01
Автобус йўлагига кирган ҳайдовчиларга жазо миқдори белгиланди

Автобус йўлагига кирган ҳайдовчиларга БҲМ 1 баравари, бир йил ичида такрорланса, 3 баравар жарима қўлланилади.

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга ҳамда жамоат транспортидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Мамлакатимизда тирбандлик масаласи аҳоли учун, айниқса, пойтахтимизда энг долзарб муаммога айланмоқда. Сўнгги 2-3 йилда Тошкент шаҳрида 7-9 баллик тирбандликлар ҳар куни кузатилаётган бўлса, айрим вақтларда мазкур ҳолат 10 баллгача кўтарилмоқда. Бу эса йўлларда асабий ва зиддиятли ҳолатларига, йўловчи ҳамда ҳайдовчиларнинг соатлаб вақт сарфлашига сабаб бўлмоқда.

Шу боис йўлларда тирбандликни камайтириш ҳамда аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида жамоат транспортига устуворлик бериш йўналишида амалий чоралар кўрилмоқда.

Амалдаги қонунчиликда жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланган транспорт воситалари ҳайдовчилари учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган.

Бу борадаги муаммоларни ҳал этиш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 1287-модда киритилиб, жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Жумладан, йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлдан транспорт воситаларининг ҳаракатланиши – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида, худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-моддаси номланиши ва биринчи қисми диспозицияси янги таҳрирда баён этилмоқда.

Эндиликда ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини тротуарлардан, пиёдалар ва велосипед йўлкаларидан, яшил майдонлардан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Муҳокамадан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+