Путин Хитой раҳбари билан мулоқот ўтказди
У Си Цзинпинга яқинда бўлиб ўтган Россия-Америка музокаралари ҳақида маълумот берди, дейилади Кремл хабарида.

Россия президенти Владимир Путин Хитой раҳбари Си Цзинпин билан телефон орқали мулоқот ўтказди.
Телефон мулоқоти чоғида Россия ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама шериклик ва стратегик ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан чуқур фикр алмашилган.
Иқтисодиёт-савдо, сармоя, маданият, таълим ва спорт соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш йўллари муҳокама қилинган.
"Шунингдек, Москвада ғалабанинг 80 йиллигини нишонлаш, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бўлажак саммити ҳамда Пекинда Япония устидан қозонилган Ғалабанинг 80 йиллиги ва Иккинчи жаҳон уруши якунланганига бағишланган байрам тадбирлари муносабати билан бўлажак олий даражадаги учрашувлар жадвали тасдиқланди", дейилади Кремл хабарида.
Владимир Путин Хитой раисига яқинда бўлиб ўтган Россия-Америка музокаралари ҳақида маълумот берди. Хитой томони Россия ва АҚШ ўртасида бошланган мулоқотни қўллаб-қувватлаши ҳамда Украина можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш йўлларини топишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.