platina.uz

Божхона қўмитаси мансабдорларига жиноий иш очилди

Улар овқатланиш баҳонасида тўпланиб, турли диний адабиётлардан фойдаланган ҳолда ноқонуний жамоат кўринишидаги йиғинларни ташкил этишган.

Жамият
13 февраль, 9:20
Божхона қўмитаси мансабдорларига жиноий иш очилди

Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари, божхона органлари тезкор ходими ва катта инспектори, шунингдек, Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси ва жамоат аъзоларига Мисрдан туриб, онлайн тарзда диний сабоқ берган фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ДХХ ва ИИВ ходимлари Тошкент шаҳрида тезкор тадбир ўтказган. Пойтахтдаги миллий таомлар ошхоналаридан бирида тунги вақтда божхона идораларининг 3 нафар ходими, Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси, технопарк директори ўринбосари, хусусий автомактаб директори ўринбосари, “Сергели-авто” бозорида савдо билан шуғулланувчи шахслар ва бошқалардан иборат жами 17 нафар фуқаро овқатланиш баҳонасида тўпланиб, турли диний адабиётлардан фойдаланган ҳолда ноқонуний жамоат кўринишидаги йиғинларни ташкил этишган.

1976-2001 йиллар оралиғида туғилган мазкур шахсларнинг кўпчилиги асли наманганлик бўлиб, ҳозирда Тошкент шаҳрида истиқомат қилишади.

Аниқланишича, Божхона қўмитасининг бошқарма бошлиғи ўринбосари динга мутаассибларча берилиб, 2021 йилдан бошлаб мазкур норасмий диний дарсларни мунтазам равишда ташкил этиб келган. У ҳар бир дарс учун жамоат аъзоларидан маълум миқдорда пул йиғиб, устозларга берган.

Гуруҳ аъзолари 1989 йилда Наманган вилоятида туғилган ва ҳозирда Мисрда бўлган шахсдан “Телеграм” мессенжери орқали онлайн тарзда сабоқ олишган. Шунингдек, уларга Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси ҳам оффлайн тарзда диний маърузалар ўтган.

Қолган фуқаролар жиноят иши доирасида гумонланувчи сифатида терговга жалб қилинган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+