platina.uz

Трамп Вашингтондаги самолёт ҳалокатида тирик қолганлар йўқлигини айтди

Шавкат Мирзиёев ҳодиса сабаб АҚШ президентига ҳамдардлик билдирди. 

Жаҳон
31 январь, 9:23
Трамп Вашингтондаги самолёт ҳалокатида тирик қолганлар йўқлигини айтди

АҚШ президенти Доналд Трамп ҳарбий вертолёт билан тўқнашиб кетган American Airlines самолёти бортидаги 64 кишининг барчаси ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Accosiated Press агентлиги самолёт қулашини, эҳтимол, Қўшма Штатларда содир бўлган чорак асрдаги энг ёмон ҳалокат деб атади.

30 январ куни Оқ уйда бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШ президенти тўқнашувга нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум эканини айтди.

Текширув Миллий транспорт хавфсизлиги кенгаши ва ҳарбий экспертлар томонидан олиб борилмоқда.

Бироқ, Доналд Трамп "қобилиятсизлик роль ўйнаганини" таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Федерал авиация маъмурияти турли хиллик ва инклюзивликка қаратилган ишга олиш ташаббуси туфайли "оғир ақлий нуқсонлари, психиатрик муаммолари ва бошқа руҳий ва жисмоний касалликлари бўлган ходимларни" ишга олади.

Кейинроқ АҚШ президенти мамлакатда ҳаво қатнови хавфсизлигини зудлик билан қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги меморандумни имзолади. Ходимларнинг малакасига алоҳида эътибор қаратилади, Трамп бу нарса Жо Байден даврида ҳукмронлик қилган инклюзив сиёсатдан устун бўлиши керак, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳодиса сабаб Трампга ҳамдардлик билдирди.

Бортида 60 нафар йўловчи ва тўрт нафар экипаж аъзоси бўлган American Airlines самолёти Канзас штатининг Вичита шаҳридан учаётган эди. У Роналд Рейган миллий аэропортига қўнаётганда Black Hawk ҳарбий вертолёти билан тўқнашиб кетган.

Самолёт ҳам, вертолёт ҳам Потомак дарёсига қулаган.

Сўнгги маълумотларга кўра, 40 дан ортиқ жасад, жумладан, вертолётда бўлган 3 нафар аскар дарёдан олиб чиқиб кетилган. Қидирув тадбирлари давом этмоқда.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+