platina.uz

Қўшни давлатлардан Ўзбекистонга қарийб 8 кг гиёҳванд модда олиб кирилгани аниқланди

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳудудларда тезкор тадбирлар ўтказилди. Деновлик шахс салкам 4 кг опий билан ушланган. 

Жамият
29 январь, 17:10
Қўшни давлатлардан Ўзбекистонга қарийб 8 кг гиёҳванд модда олиб кирилгани аниқланди

Қўшни давлатлардан Ўзбекистонга олиб кирилган 8 кг гиёҳванд моддалар аниқланди.

Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор тадбирлар ўтказилди.

Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи фуқаро ва унинг Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи жиноий шериги 3 кг. 849 гр. “опий” моддасини Самарқанд вилоятига сотиш мақсадида олиб келган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси муқаддам тожикистонлик наркокурьер томонидан Денов тумани ҳудудига контрабанда йўли билан етказиб берилган.

Наманган вилоятининг Поп туманида ўтказилган тезкор тадбирда “Тошкент-Наманган” йўналишида ҳаракатланаётган, Чуст туманида яшовчи шахс бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада, унинг салон қисмига яшириб қўйилган 2 кг. 436 гр. “гашиш” моддаси аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Маълум бўлишича, у муқаддам тожикистонлик наркокурьерлар томонидан айланма йўллар орқали Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳудудига олиб келиниб, хуфия жойга қолдириб кетилган ушбу гиёҳвандлик воситасини олиб, қайтаётган бўлган.

Бошқа ҳолатда эса “Наманган-Андижон” йўналишида ҳаракатланган “Кобалт” русумли автомашина Андижон шаҳрида тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Унда йўловчи сифатида кетаётган – Қирғиз Республикаси фуқароси, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахсга тегишли 1 кг. 702 гр. “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Терговга қадар текширув давомида, у Қирғиз Республикасидан контрабанда йўли билан Наманган вилоятига олиб келган ушбу наркотик моддани Андижон шаҳрида сотишни режалаштирганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+