Нурафшон шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи раҳбарлигидаги жиноий гуруҳга ҳукм ўқилди
Судда улар ўз айбларига қисман иқрор бўлган.
Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида аҳоли ва давлат маблағларини ўзлаштирган гуруҳ аъзоларида нисбатан суд ҳукми ўқилди. Суд ҳужжати Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, А.А. 2021 йилда Тошкент вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси Нурафшон шаҳар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганидан фойдаланиб, Я.Д, А. Ж ва С.К.лар билан жиноий тил бириктирган. Улар Я.Д. номига “Global Nurafshon Sity” МЧЖ бошқарув сервис компаниясини ташкил этишган.
Сўнгра шаҳардаги 108 хонадон эгаларидан мажбурий бадал ва иситиш тизимлари учун деб жами 89.657.700 сўм миқдоридаги пулларни йиғиб уларни банк муассасасига топширган бўлса-да, ушбу пулларни “Mening uyim” биллинг тизимига киритмасдан, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жиддий зиён етказган.
Бундан ташқари, А.А ўз шериклари билан бошқарув сервис компанияси раҳбарига бириктирилган корпоратив картага банк ҳисоб рақамига келиб тушган жами 1.074.367.406 сўм пул маблағларидан корпоратив картага ўтказилган жами 113.774.516 сўмлик кўп миқдордаги пул маблағларини қонун талабларига зид равишда ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборишган.
Шунингдек, улар кўп қаватли уйлар учун шаҳар электр таъминоти билан шартнома расмийлаштирмасдан, ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланиб, Нурафшон шаҳар электр тармоқлари корхонасига жами 786.154.645 сўмлик зарар етказишган.
Судда ҳар тўрттала айбланувчи ўз айбига қисман иқрор бўлди.
Якуний суд ҳукмига кўра, А.А.га 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Я.Д.га эса узил-кесил 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. А.Ж.га эса 2 йил 7 ой 12 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси, С.К.га ўташ учун 1 йил 1 ой 20 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Иш бўйича етказилган моддий зарарни қоплаш учун Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти Тошкент вилоят ҳудудий бўлимининг депозит ҳисоб рақамига топширилган жами 99.000.000 сўм пул маблағлари жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни ундириш учун тақсимланиши белгиланган. Судланувчилардан солидар тартибда Тошкент ҳудудий филиали Нурафшон шаҳар Энергосавдо бўлими фойдасига 786.154.645 сўм ундирилади.
Суд ҳужжати Олий суд порталидан олинди.