Жанубий Корея президенти иккинчи уринишда ҳибсга олинди
Бир неча кун аввал президентни қўлга олиш жараёни муваффақиятсиз тугаганди.
Жанубий Кореяда терговчилар президент Юн Сок Ёлни иккинчи уринишда ҳибсга олдилар.
Президент қароргоҳидаги кўп соатлик қарама-қаршиликдан сўнг терговчилар бу сафар Юнни Коррупция бўйича тергов бюросига олиб келишга муваффақ бўлишди.
Юн аввалроқ қисқа видеомурожаат эълон қилган эди, унда у ҳали ҳам ҳибсга олиш ноқонуний эканлигига ишонишини, аммо қон тўкилишини олдини олиш учун терговчилар ва полицияга бўйсунишга қарор қилганини айтган.
Декабр ойи бошида Жанубий Корея президенти мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этишга уриниб кўрди, шундан сўнг парламент уни исёнга уринишда айблаб, импичмент эълон қилди.
Юн 14 декабрдан бери (парламент унга импичмент эълон қилиш учун овоз берган сана) президентлик лавозимидан четлаштирилди, бироқ уни лавозимидан четлаштиришдан олдин импичмент Конституциявий суд томонидан тасдиқланиши керак. Суд қарор қабул қилмагунча, Юн Сок-Ёл расман президент бўлиб қолади.
Юн Сок Ёл исёнга уриниш айбловларини рад этди ва ҳарбий ҳолат жорий этилиши "сиёсий ҳисобланган қарор" эканлигини ва у буни давлатни мухолифатдан ҳимоя қилиш учун қабул қилганини айтган.
Январ ойи бошида биринчи ҳибсга олиш муваффақиятсиз тугаганди.