Жанубий Корея Украинага "қўшимча чоралар" билан таҳдид қилди ва узр сўрашга чақирди
Президент Ли Чжэ Мённинг айтишича, агар Киев махфийлик бўйича келишувни инкор этишда давом этса ва расман узр сўрамаса, Сеул қўшимча чоралар кўриши мумкин.

Жанубий Корея Президенти Ли Чжэ Мён Украина Шимолий Кореялик икки ҳарбий асирнинг Жанубий Кореяга топширилгани ҳақидаги маълумотларни ошкор қилгани юзасидан расмий узр сўраши кераклигини билдирди.
Унинг таъкидлашича, Киев аввал маҳбусларни топшириш ҳақидаги маълумотни ошкор қилмасликни сўраган, бироқ кейинчалик бундай келишув мавжудлигини инкор этган.
Президент Ли Чжэ Мён Шимолий Кореялик аскарлар масаласи Корея халқи ва давлатнинг шаъни билан боғлиқ эканлигини айтиб, бу борада сукут сақлай олмаслигини таъкидлади.
"Агар Украина фактларни инкор этишда давом этса ва расман узр сўрашдан бош тортса, Сеул қўшимча чоралар кўради", — деб ёзди президент X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
23 сентябрь куни Украина Президенти Владимир Зеленский БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан туриб, мамлакат расмийлари Шимолий Кореядан асирга олинган икки нафар ҳарбийни Жанубий Кореяга топширганини маълум қилди. Сеул Киевни маҳбусларни топшириш ҳақидаги келишувнинг махфийлик шартларини бузганликда айблади.
Украина томони дастлаб бундай келишув бўлганини инкор этди. Кейинчалик Украина Ташқи ишлар вазирлиги юз берган ҳолатни "дипломатик тушунмовчилик" деб атаб, низони тез орада ҳал қилишга умид билдирди.
Жанубий Корея президентининг сўзларига кўра, айнан Украина томони асирларни топшириш ҳақидаги маълумотни жамоатчиликка ошкор қилмасликни сўраган. Унинг қўшимча қилишича, Сеул дастлаб "одоб доирасидан максимал даражада чиқмаган ҳолда" ўз норозилигини билдирган.
Бироқ Ли Чжэ Мённинг таъкидлашича, кейинчалик Киев бундай келишув мавжудлигини инкор эта бошлаган ва бу билан Жанубий Корея президентини ёлғончи сифатида кўрсатган.




