Жанубий Корея расмийлари Украинадан узр сўрашни талаб қилди
Бу КХДР асирлари билан боғлиқ. Президент девони Украинани махфийлик келишувини бузишда айблади.

Россия армияси сафида урушда қатнашиб асирликка тушган Шимолий Кореянинг икки нафар ҳарбий хизматчисини Украина Жанубий Кореяга топширган эди. Корея президенти идораси бу маълумотни ошкор қилгани учун Украинадан расмий тушунтириш ва узр сўрашни талаб қилмоқда.
Маълумотларга кўра, Украина ва Жанубий Корея асирларни топшириш ҳақидаги маълумотни махфий сақлашга олдиндан келишиб олган. Бироқ Киев бу маълумотни бир томонлама ошкор қилган.
“Президент девони Украинанинг бу маълумотни бир томонлама ошкор қилгани ва кейинчалик махфийлик тўғрисида келишув бўлмаганини айтиб, нотўғри баёнот берганидан чуқур афсусда”, — деди президентнинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича катта котиби Сон Гҳи Хонг якшанба куни эълон қилинган баёнотда.
Соннинг таъкидлашича, Украина турли каналлар орқали асирларни Сеулга топшириш масаласини бир неча бор муҳокама қилган ва бу маълумотни сир сақлашни сўраган. Киев бунга трансфернинг ошкор этилиши мамлакат ичида Украина ҳарбий асирларини алмаштириш имкониятидан воз кечгани ҳақидаги танқидларга сабаб бўлиши мумкинлигини асос қилиб келтирган.
Жанубий Корея хавфсизлик, дипломатик ва гуманитар хавотирлар, жумладан, ҳарбий асирлар ҳамда уларнинг оилалари хавфсизлигини ҳисобга олиб, трансферни махфий сақлашга рози бўлган.
Баёнотга кўра, Украина кейинчалик БМТ Бош Ассамблеясидаги президент Владимир Зеленскийнинг нутқи чоғида трансфер ҳақида етарлича олдиндан маслаҳатлашмасдан маълум қилган. Шундан сўнг Киев томонлар ўртасида махфийлик тўғрисида келишув бўлганини ҳам рад этган.
Жанубий Корея президентининг айтишича, Украинанинг бу борадаги баёноти икки ҳукумат ўртасидаги ишончга жиддий путур етказган ва икки томонлама муносабатларга зарар етказиши мумкин.
Украинанинг Сеулдаги элчихонаси Reuters’нинг изоҳ сўровига дарҳол жавоб бермади.
Зеленский ўтган ҳафта БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида Украина қўлга олган икки нафар Шимолий Корея ҳарбий хизматчисини Янубий Кореяга топширганини маълум қилган. Унинг айтишича, улар Россия томонида Украинага қарши урушда жанг қилаётган вақтида қўлга олинган ва яқинда Жанубий Кореяга юборилган.
Бундан бир неча кун олдин Янубий Корея президенти Ли Чже Мён Украина бу трансфер ҳақида махфийлик тўғрисидаги келишувни бузган ҳолда маълумот берганини айтган эди.
Ли Х’даги постида трансфернинг юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни ҳисобга олган ҳолда уни ошкор қилмаслик “ҳар жиҳатдан тўғри қарор бўлганини” ёзди. Унинг сўзларига кўра, томонлар бу маълумотни махфий сақлашга келишган.
“Украина томони махфийлик тўғрисидаги келишувга қарамай, бу масалани ошкор қилишига қандай шароитлар сабаб бўлганини билмайман, бироқ бундан чуқур афсусдаман”, — деб ёзди у.
Украина 2025 йил январида Россиянинг Курск вилоятида икки нафар Шимолий Корея ҳарбий хизматчисини қўлга олган эди. Улар Пхеньян 2024 йилда Россияга урушда ёрдам бера бошлаганидан буён тирик қўлга олинган илк Шимолий Корея аскарлари бўлган.
Жанубий Корея аввалроқ ҳарбийларнинг мамлакатга келганини тасдиқлашдан бош тортган. Бунга уларнинг ва Шимолий Кореяда қолаётган оила аъзоларининг хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирлар сабаб бўлган.
Сеулдаги мухолифат депутатининг айтишича, икки ҳарбий Янубий Кореяга боришни истаганидан сўнг, Сеул ва Киев уларни топшириш имкониятини муҳокама қилган.
Ушбу трансфер Жанубий Корея Шимолий Корея билан мулоқотни қайта тиклашга қаратилган ҳаракатларни қўллаб-қувватлаётган, АҚШ президенти Доналд Трамп эса Пхеньян билан музокараларни қайта бошлашга тайёрлигини яна бир бор билдирган бир пайтда амалга оширилди.




