Жанубий Корея президентини қўлга олиш жараёни муваффақиятсиз чиқди
Ҳибс бўйича ордер 8 январгача амал қилади. Президент қароргоҳидаги хавфсизлик кучлари ва тарафдорлар Юн Сок Ёлни ҳимоя қилмоқда.
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёлни қамоққа олиш жараёни қаттиқ қарама-қаршилик туфайли кейинга қолдирилди.
Yonhap порталининг хабар беришича, 3 январ куни эрталаб коррупцияга қарши кураш агентлиги терговчилари Юнни қўлга олиш учун унинг Сеулдаги қароргоҳига етиб келишган. Бу ордер декабрь ойида, импичментга олиб келган ҳарбий ҳолат жорий қилинганидан кейин берилганди.
Бироқ операция катта тўсиқларга дуч келди: Юннинг юзлаб тарафдорлари қароргоҳга киришни тўсиб қўйишди ва Президент хавфсизлик хизмати ҳудуднинг ҳимояланган мақомини баҳона қилиб, терговчиларга киришга рухсат бермади. Беш соатлик қарама-қаршиликдан сўнг ордер ижроси тўхтатилди.
"Биз ҳибсга олиш ордерини ижро этиш давом этаётган қарама-қаршилик туфайли иложсизлигини аниқладик ва қаршилик туфайли жойларда ходимларнинг хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирлар туфайли ижрони тўхтатдик", деди коррупция агентлиги вакили.
Юннинг мингга яқин тарафдорлари қароргоҳ ташқарисида тўпланиб, ордерни бекор қилишни талаб қилишди. Полиция 2700 дан ортиқ зобитни сафарбар қилди, аммо ҳибсга олиш амалга ошмади.
Ҳибсга олиш ордери 8 январгача амал қилади. Терговчилар оммавий норозилик намойишлари кучайиши мумкинлигини инобатга олиб, яна ҳибсга олишга уринишни режалаштирмоқда.