Истанбулда олти ўзбекистонлик спиртли ичимликдан заҳарланиб вафот этди
Мазкур иш доирасида икки нафар Туркманистон фуқароси қўлга олинди.
Истанбулдаги заҳарланишда 6 нафар ўзбекистонлик вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон консулхонаси хабар берди.
2025 йил 14 январ куни Истанбул шаҳридаги Бош консулхонага қўлбола спиртли ичимлик истеъмоли оқибатида заҳарланиб вафот этган фуқароларнинг яқинлари мурожаат қилган.
Ушбу нохуш ҳолатлар Истанбул шаҳрининг Аксарай туманида сотиб олинган спиртли ичимлик истеъмоли оқибатида юзага келган.
Вафот этган фуқаролар асосан 35–40 ёшдаги эркаклар ва бир нафар аёлдир.
Қалбаки спиртли ичимликларни тайёрлаш ҳамда тарқатиш билан шуғулланган икки нафар Туркманистон фуқароси Истанбул шаҳрида қўлга олинди.
Олинган маълумотларига кўра, сўнгги сутка ичида Истанбул шаҳрида жами 38 киши сохта спиртли ичимлик истеъмоли оқибатида заҳарланган. Касалхонага мурожаат қилганларнинг 11 нафари ҳаётдан кўз юмган.
Полиция воқеа юзасидан кенг қамровли тергов ишларини бошлади.
Маълум бўлишича, шифохонага мурожаат қилганларнинг 26 нафари хорижликлардир.