ИИБ катта тезкор ходими 10 минг доллар билан қўлга олинди
Наманганда эса фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи 160 минг АҚШ доллари олаётганда ушланди.

Самарқанд вилояти ИИБ катта тезкор ходими 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбирда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасининг Жиноят қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси катта тезкор ходимининг ноқонуний хатти-ҳаракатига чек қўйилди. Яъни тезкор ходим ўзининг мансабдор танишлари орқали, Самарқанд шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими иш юритувида бўлган Жиноят Кодексининг 273-моддаси 3-қисми билан қўзғатилган жиноят ишида айбланувчилар сифатида ўтаётган 1994 й.т. шахсга тегишли қисмини Жиноят-просессуал кодексининг 83-моддасига асосан тугатиш ҳамда 2003 й.т. фуқарога нисбатан эса “уй қамоғи” эҳтиёт чорасини қўллаган ҳолда, уни озодликда қолдириш эвазига 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланиб, ҳолат просессуал тартибда расмийлаштирилди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 25, 168-моддаси 3-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўтказилган тезкор тадбирда Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимининг тезкор бўлинмаси бошлиғи ўзининг мансабдор танишлари орқали, Гулистон шаҳрида яшовчи, 1995 й.т. фуқарони шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлимига ишга киритиб қўйиш эвазига 7 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Наманган вилояти Поп тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўзининг 5 нафар оила-аъзоларига мазкур туман ҳокимининг 2021 йил феврал ойидаги қарори билан лимон етиштириш учун иссиқхона ташкил этиш мақсадида ажратиб берилган 2 гектар ер майдонини ўзининг мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш ҳамда у ерда коттеж типидаги уй-жойлар қуриши учун рухсат олиб беришни ваъда қилган. Эвазига 160 минг АҚШ доллари олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.