Москвадаги теракт қурбонлари сони 60 нафарга етди. Асосий маълумотлар
Теракт учун жавобгарликни ким ўз зиммасига олгани ҳам маълум бўлди.
Москвадаги "Крокус сити холл" концерт залидаги теракт қурбонлари сони 60 нафарга етди. Бу ҳақда Россия тергов қўмитаси хабар берган.
Терговчилар ҳалок бўлганларнинг жасадларини кўздан кечирмоқда.
"Афсуски, қурбонлар сони ортиши мумкин", — дейилади Тергов қўмитаси баёнотида.
Теракт содир этилган жойдан далиллар ва видеокамера ёзувлари олиб қўйилиб, зарур экспертиза тайинланади.
Шунингдек, сўнгги маълумотларга кўра, ИШИД теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олган. АҚШ хизматларига кўра, ҳодиса ортида "ИШИД Хуросон" гуруҳи турибди.
Украина президенти девони бошлиғи маслаҳатчиси Михаил Подоляк терактга мамлакатнинг алоқаси йўқлигини билдирди. Унинг айтишича, Бу ҳодиса "Россия махсус кучларининг провокацияси" бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 22 март куни тунда Москвадаги концерт залида қуролланган шахслар теракт уюштирди. Дастлаб 40 киши ўлгани хабар берилди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳодиса юзасидан Россия раҳбари Путинга таъзия билдирди.