Ўзбекистон 1 январдан БРИКСга ҳамкор давлат мақомини олади
Янги ҳамкор давлатлар рўйхатида Қозоғистон, Беларус, Боливия, Индонезия, Куба, Малайзия, Таиланд ва Уганда каби давлатлар ҳам бор.

2025 йил 1 январдан Ўзбекистон ва Қозоғистон расман БРИКС бўйича ҳамкор давлатлар мақомини олади. Бу ҳақда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилган.
Ўзбекистон ва Қозоғистондан ташқари БРИКС бўйича янги ҳамкор давлатлар рўйхатига Беларус, Боливия, Индонезия, Куба, Малайзия, Таиланд ва Уганда киритилган. Ҳаммаси бўлиб 13 та давлатга таклифномалар юборилган, Россия эса яна тўртта давлатдан жавоб кутмоқда.
БРИКС бўйича ҳамкор давлатлар тоифасини яратиш тўғрисидаги қарор 2024 йил октябр ойида Қозонда бўлиб ўтган саммитда қабул қилинган эди.
Ушаковнинг сўзларига кўра, саммит арафасида ассоциацияга у ёки бу мақомда ўз фаолиятига қўшилиш учун 35 давлатдан аризалар келиб тушган.
Ҳамкор мамлакатлар вакиллари БРИКС саммитлари ва ташқи ишлар вазирлари йиғилишлари доирасидаги якка тартибда учрашувларга, шунингдек, ассоциациянинг бошқа тадбирларида иштирок этиш учун таклиф этилади.
БРИКС - тўққиз давлат: Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка, БАА, Эрон, Миср ва Эфиопиядан ташкил топган. Ташкилот 2006 йил июн ойида ташкил этилган. Блокнинг сўнгги кенгайиши 2024 йил 1 январда содир бўлганди.