Фарғона вилоятидаги АЁҚШлар текширилади
Бунинг учун масъул ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган. Бир неча кун аввал Фарғона шаҳридаги портлашда 4 киши вафот этганди.
Фарғона вилоятидаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ўрганиб чиқилади.
Вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган барча турдаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларининг белгиланган норма ва меъёрларга мувофиқлиги ҳолати ўрганиб чиқилади. Бу ҳақида вилоят ҳокимининг тегишли фармойиши қабул қилинди.
Бахтсиз ва нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш, хавфсизлик қоидаларига амал қилиш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш мақсадида тегишли ташкилотларнинг масъул ташкилотлар ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди.
Шунингдек, вилоят ҳудудида фаолият юритаётган, ташкилий ҳуқуқий шаклидан қатъий назар барча автомобилларга ёқилғи қуйиш, сиқилган ва суюлтирилган газ тўлдириш шохобчаларида ишловчи ишчи-ходимларни вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси қошидаги ўқув марказида дастур асосида шартли равишда ўқитилиши таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, 17 декабр куни Фарғона шаҳридаги заправкада портлаш ва ёнғинда 4 киши ҳалок бўлди, бир неча киши жароҳат олди.