Президент эскирган газ конлари самара бермаётганини танқид қилди
Шунинг учун замонавий технология олиб келиниб, 15 та янги истиқболли майдонда геология-қидирув ишлари бошланади. Сейсмик қидирув ҳудуди 6,5 минг квадрат километрга кенгайтирилади.
Шавкат Мирзиёев газ қазиб олишдаги асосий муаммо деб геология-қидирув ишларига узоқ йиллар етарлича эътибор қаратилмаганини айтди. Оқибатда айрим конлар фойдаланиш муддатини деярли ўтаб бўлган, яна баъзиларининг самарадорлиги паст.
Президент 19 декабр куни газ қазиб олишнинг жорий ҳолати ва уни янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Қайд этилишича, энди замонавий технология олиб келиниб, 15 та янги истиқболли майдонда геология-қидирув ишлари бошланади. Сейсмик қидирув ҳудуди 6,5 минг квадрат километрга кенгайтирилади.
Йиғилишда “Ўзбекнефтгаз” АЖ раиси жорий йилда бажарилган ишлар ва 2025 йилги устувор вазифалар тўғрисида ахборот берди.
Хорижий компаниялар билан ҳамкорликда келаси йил газ қазиб чиқариш ҳажмини барқарорлаштириш лойиҳалари шакллантирилди. Мутасаддиларга йирик хорижий компаниялар ва экспертларни жалб этган ҳолда, геологияни ривожлантириш ва янги конларни ўзлаштириш бўйича 2025 йил учун дастур ишлаб чиқиш топширилди.
“Ўзбекнефтгаз”да трансформацияни давом эттириб, таннархни камайтириш, халқаро кредит рейтингини яхшилаш вазифа қилиб олинган. Жумладан, келгуси йилда ишлаб чиқариш ва геология-қидирув лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро манбалардан маблағ жалб қилиниши мўлжалланган.