"Ўлик" қудуқларга иккинчи нафас: "Ўзбекнефтгаз" қудуқ таъмирлашда замонавий ечимларни қўлламоқда
Бошқарув раиси Абдуғани Сангиновнинг ташаббуси билан тизимда узоқ йиллар янгиланмай келган эскирган ва имкониятлари чекланган техника паркини тубдан модернизация қилиш бўйича амалий қадам қўйилди.

Инсон саломатлигида нуқсон сезилса, салоҳиятини тўла рўёбга чиқара олмаса замонавий тиббиётга мурожаат қилинади ва тезда даволанади. Шундагина яна бор куч ва имкониятни ишга солиб самарадорлик ортади. Ер қаърининг минглаб метр чуқурлигида жойлашган, йиллар давомида халқимиз хонадонларига олов улашган газ қудуғи "хасталаниб", кутилмаганда сув босиб қолса ёки маҳсулдорлиги тугаса ҳам худди шундай муносабат зарур. Илгари бундай қудуқлар устига "қопоқ" ёпилиб, тупроқ тортилган. Бугун эса бу тамойил бутунлай ўзгарди.
"Ўзбекнефтгаз" АЖ Бошқарув раиси Абдуғани Сангиновнинг ташаббуси билан тизимда узоқ йиллар янгиланмай келган эскирган ва имкониятлари чекланган техника паркини тубдан модернизация қилиш бўйича улкан амалий қадам қўйилди.
Хитойнинг нуфузли нефть-газ ускуналари ишлаб чиқарувчи заводи — "Эржинефтемаш" билан тузилган шартномага мувофиқ, юк кўтариш қуввати 135 тоннага тенг бўлган 4 та энг замонавий ZJ20 таъмирлаш-кўтарма агрегати харид қилинмоқда. Улардан дастлабки 2 таси Устюртнинг қаҳратон чўл ҳудудига олиб келиниб, "Шимолий Бердақ" конининг 13-сонли қудуғида тўлиқ монтаж қилинди ва ишга туширилди.
Илмий-геологик сенсация: 100% сувланган қудуқни қайта тиклаш имконияти
Қайд этиш жоизки янги ZJ20 дастгоҳларининг энг катта сири — уларнинг қия йўналтирилган ўзан бурғилаш (ён ствол очиш) имкониятидир. Илгари сув босган ёки босими тушгач, ташлаб қўйилган қудуқларга эски техника билан яқинлашиб бўлмас эди. ZJ20 эса сувланган қатламларни четлаб ўтиб, янги истиқболли газ қатламларига кириб боради ва «ўлган» қудуқдан яна саноат миқёсида табиий газ оқимини тиклайди. Бу — миллионлаб кубометр қўшимча газ демакдир.
Бурғилашда тезлик 5-10 баробар ошади
Соҳада 17 йиллик тажрибага эга бурғиловчи Баҳодир Мусурмонов янги ускунани кўриб ҳайратини яширмади: — Олдинги эски станокларда кўтариш-тушириш амалиёти чекланган эди (15 метргача). Янги ZJ20 да эса бу 25 метргача етказилди, иш тезлиги ва самарадорлиги 5-10 баробаргача ортди! Айниқса, кондиционерли кабина ва камералар қўшимча қулайлик: кабинадан чиқмасдан туриб юқори босимли бурғилаш насослари ва циркуляцион эритмаларни мониторда бемалол кузатамиз.
Мазкур ZJ20 дастгоҳлари юқори мобиль хусусиятга эга. Битта қудуқ даволангач, ускуна дарҳол навбатдаги объектга кўчирилади. Бу эса ишлаб чиқариш узлуксизлигини кафолатлайди.
Бошқарув раисининг бу ташаббуси нафақат табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтиради, балки оғир Устюрт чўли шароитида фидокорона меҳнат қилаётган ишчи-хизматчилар учун халқаро даражадаги муносиб меҳнат шароитларини яратиб беради.





