“Ўзбекнефтгаз” ва “CNPC” раҳбарлари ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилдилар
Музокараларда нефт-газ соҳасидаги шерикликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш ва янги ташаббусларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Бугун “Ўзбекнефтгаз” АЖда Бошқарув раиси Абдуғани Сангинов ва дунёнинг бешта энг йирик энергетика гиганти қаторига кирувчи Хитой миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) президенти Чжоу Синхуай бошчилигидаги делегация ўртасида муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Музокараларда нефт-газ соҳасидаги шерикликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш ва янги ташаббусларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кенг қамровли алоқалар суръати икки мамлакат етакчиларининг доимий эътибори туфайли изчил ривожланаётгани таъкидланди. Шу жараёнда “CNPC” “Ўзбекнефтгаз”нинг муҳим ҳамкорларидан бирига айлангани қайд этилди.


Томонлар бурғилаш, геология-қидирув, сейсмик тадқиқотлар, конларнинг газ бериш самарадорлигини ошириш, рақамлаштириш, лойиҳалаш ва замонавий ускуналар етказиб бериш йўналишларидаги биргаликдаги натижаларини кўриб чиқдилар. “CNPC”га қарашли “Xibu”, “BGP”, “CCDC” ва “CNLC” компаниялари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар соҳадаги технологик салоҳиятни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани билдирилди.

Мулоқотда “М-25” конидаги авария оқибатларини бартараф этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этиш жоиз, лойиҳа доирасида қутқарув қудуқларини бурғилаш режалаштирилган.
Шунингдек, ички бозорни ёқилғи билан барқарор таъминлаш мақсадида нефть маҳсулотлари етказиб бериш манбаларини диверсификация қилиш масаласи кўриб чиқилди. Томонлар узоқ муддатли етказиб бериш механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда тегишли компаниялар ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштиришга тайёр эканини билдирдилар.
Ҳамкорлик кўлами кенгайиб бораётганини инобатга олган ҳолда, Тошкент шаҳрида “CNPC”нинг доимий ваколатхонасини ташкил этиш, қўшма лойиҳаларни мувофиқлаштириш учун замонавий маъмурий инфратузилма яратиш ҳамда ижтимоий ташаббусларни ривожлантириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Кадрлар тайёрлаш йўналишида И.М.Губкин номидаги нефт ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиалини қўллаб-қувватлаш масаласи муҳокама қилинди. Бу ташаббус тармоқ учун юқори малакали муҳандис-техник мутахассислар тайёрлаш ва истиқболли лойиҳаларнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли шерикликни янада чуқурлаштириш, янги технологик ечимларни жорий этиш ва қўшма ташаббусларни амалий натижаларга йўналтиришга тайёр эканини тасдиқладилар.





