“Ўзбекнефтгаз”га ҳомийлик тўловларини тўхтатиш топширилди
Компания турли йўналишларда ва айрим футбол клубларига ҳомийлик қилиб келган. Соҳага оид бўлмаган активлар ҳам тасарруфдан чиқарилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 январ куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари юзасидан тақдимот билан танишди.
Компания фаолиятида операцион самарадорликни ошириш, хусусан, соҳага оид бўлмаган активларни тасарруфдан чиқариш, ҳомийлик тўловларини тўхтатиш ҳамда харажатларни мақбуллаштириш орқали молиявий барқарорликни таъминлашга устувор аҳамият қаратилиши топширилди.
Ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш, соҳада сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек, ички назорат ва комплаенс тизимини кучайтириш, молиявий активлар ҳаракатини назорат қилиш, коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш масалалари жамият фаолиятининг муҳим устувор йўналишлари сифатида белгиланди.
Давлат раҳбари белгиланган вазифалар ва режалаштирилган барча тадбирлар ижросини аниқ ҳисоб-китоб, қатъий интизом ҳамда шахсий жавобгарлик асосида таъминлаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.
Тақдимотда геология-қидирув ишларини олиб бориш жараёнида, шу жумладан Сурхондарё вилоятида қайд этилган техноген ҳолатларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Маълумот учун, 2025 йилда жамият корхоналари томонидан 25,2 миллиард куб метр табиий газ қазиб чиқарилиб, 56 та янги қудуқ бурғиланди, 29 та қудуқ мукаммал таъмирланди.
2026-2027 йилларда табий газ чиқариш ҳажмини барқарор даражада таъминлаш, 300 дан ортиқ геологик-техник чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.