Ёзда Ўзбекистонда электрнинг кунлик талаби қанча бўлиши маълум бўлди
Энергетика вазирлиги ва “Ўзбекнефтгаз” АЖга муҳим топшириқ берилди.
Президент раислигида жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш аҳволи, ёз мавсумида энерготизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш борасида кўрилаётган чоралар муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши бошланди.
Йиғилишда ёз ойларининг иссиқ кунларида электрга кунлик талаб ҳозирги 195 миллион киловатт соатдан 255 миллион киловатт соатга етиши мумкинлиги қайд этилди.
Ҳар бир ҳудуд ва тармоқ кесимида 2023 йилда электр энергияси танқислигини ортиғи билан қоплаш бўйича вазифалар аниқ белгиланган эди.
Шу боис давлатимиз раҳбари ёқилғи-энергетика мажмуаси раҳбарияти олдида вилоят ҳокимлари билан бирга ёз мавсумида ҳудудларда электрга талабни қоплаш, электр тармоқларининг юқори юклама шароитида узлуксиз ишлашини таъминлаш, тармоқ ва ҳудудларда энергияни тежаш вазифалари турганини кўрсатиб ўтди.
Энергетика вазирлиги ва “Ўзбекнефтгаз” АЖга жорий йилда 2 минг мегаватт қувватли қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш, газ ишлаб чиқариш ва захираларни шакллантириш бўйича режалаштирилган кўрсаткичларга эришиш топширилди.