Энергетика соҳасида 3,7 млрд долларлик қувватлар ишга туширилди
Бухоро, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида салкам 2,3 минг мегаватт қувватга эга 5 та қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда юқори кучланишли подстанциялар ишга туширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасидаги объектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш маросимида нутқ сўзламоқда.
Давлат раҳбари қиймати 3,7 миллиард долларлик 18 та янги қувватлар ишга туширилаётгани ва навбатдаги 6 та лойиҳа қурилишига старт берилаётганини энергетика соҳасидаги тарихий воқеа деб атади.
Хусусан, Бухоро, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида салкам 2,3 минг мегаватт қувватга эга 5 та қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда 5 та юқори кучланишли подстанция ишга туширилмоқда.
Ўзбекистонда илк бор Андижон ва Фарғонада 300 мегаваттли йирик сақлаш тизими барпо этилди.
Шунингдек, Қашқадарёда 400 мегаваттли электр станцияси, Тошкент шаҳрида замонавий когенерация қурилмаси, Андижон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 4 та кичик ГЭС фойдаланишга топширилмоқда.
Хорижий шериклар билан ҳамкорликни изчил давом эттириш йўлидаги янги саҳифа сифатида Фарғона, Самарқанд, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қиймати 3,5 миллиард доллар бўлган 2,5 минг мегаваттли 6 та электр қувватлари қурилиши бошланмоқда.
Бугун ишга тушаётган қувватлар ва янги лойиҳалар орқали келгуси йилларда қўшимча 9,5 миллиард киловатт-соат электр ишлаб чиқарилиб, 2,5 миллиард куб метр табиий газ тежалади, 4,6 миллион тонна зарарли газлар чиқарилиши олди олинади.
Энг муҳими – 4 миллиондан зиёд хонадон узлуксиз тоза энергия билан таъминланади.
Бу, ўз навбатида, иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ҳам 4 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратишга туртки беради.
Умуман олганда, келгуси йили жами 84 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу – 2016 йилга нисбатан 25 миллиард киловатт-соат ёки 1,5 баробар кўп деганидир.
Бу лойиҳалар ишончли ҳамкорлар бўлган “Масдар”, “Аква Пауэр”, “Акса энержи”, Хитой ва Германиянинг нуфузли компаниялари билан амалга оширилмоқда.