Ўзбекистонда 18 даражагача совуқ кузатилиши мумкин
Дам олиш кунлари мамлакатга янада совуқ ҳаво массалари кириб келади. Текисликда -10, тоғли ҳудудларда -18 даражагача совуқ бўлади.
Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳарорат 18 даража совуққача пасайиши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати хабарида айтилади.
9-10 декабр кунлари республика худудларида ҳаво ҳарорати сезиларли даражада пасайиб кетади.
8 декабр куни Бухоро, Навоий, Жиззах, Сирдарё, Тошкент, Самарқанд ва Фарғона водий вилоятларида бироз қор ёғиши мумкин.
9—10 декабр кунлари эса республика аҳолиси ҳақиқий қиш ҳавосини танасида ҳис қилади. Ушбу кунлари жануб вилоятларидан ташқари жойларда кундуз кунлари ҳам айрим ҳудудларни ҳисобга олмаса, ноль даражадан паст совуқ ҳарорат кузатилади.
"Ўзгидромет"га кўра, 9—10 декабрда тунда жуда ҳам кўп ҳудудларда ҳарорат минимумлари —10 даражагача совийди, тоғ ва шимол ҳудудларида эса бундан ҳам паст ҳарорат кутилмалари янграмоқда.
Тоғли ҳудудларда бироз булутли бўлади, 8 декабрда вақти-вақти билан қор ёғади, 9-10 декабрда ёғингарчилик кутилмайди. Баъзи жойларга туман тушиши мумкин. Шамол шимолдан 7-12 м/с тезликда эсади, 8 декабрда айрим жойларда 13-18 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат 8 декабрда кечаси ва кундузи 5-10° совуқ; 9-10 декабрда кечаси 13-18° совуқ, кундузи 5-10° совуқ бўлади.