Бўстонлиққа 11 ойда 12 млн сайёҳ келди
Президент тумандаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Ҳудудда 1 триллион сўмдан зиёд бўлган "Ugam River" лойиҳаси доирасида қарийб 14 гектар майдонда қурилиш бошланди. Ҳозирда 17 та кўп қаватли уй қад кўтармоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманига ташриф буюриб, бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Хушманзара тоғлар бағридаги бу ҳудуднинг драйвери, албатта, туризм. Сўнгги йилларда инфратузилма яхшиланиб, йилнинг барча фаслида мароқли ҳордиқ чиқариш имконияти яратилди. Дам олиш, соғломлаштириш, чанғи, саёҳат, умумий овқатланиш мажмуалари барпо этилди. Эски санаторий ва болалар оромгоҳлари янгиланди.
Хусусан, беш йил аввал туманда 2 минг 240 ўринли 26 та маскан бўлган бўлса, шу даврда соҳага 2 триллион сўмдан зиёд инвестиция киритилиб, 13 мингдан кўп ўринга эга 59 та йирик туризм иншооти ишга туширилди.
Асосий автомобил йўли таъмирланиб, қўшимча йўллар қурилди.
Буларнинг натижасида туризм жадал ривожланди, ташриф буюрувчилар 12 баробарга ошди. Жумладан, беш йил олдин Бўстонлиққа йилига 850 минг сайёҳ келган бўлса, бу йил 11 ойнинг ўзида 12 миллион нафар ташриф буюрган.
Бу суръат изчил давом этмоқда. Давлатимиз раҳбари шундай лойиҳалар билан танишди.
Чирчиқ дарёси бўйида “Чорвоқ дарвозаси” туристик мажмуаси қурилмоқда. Қарийб 25 гектар майдондаги мажмуада 16 та кўп қаватли уй, 3 та меҳмонхона, 2 та супермаркет, 60 дан зиёд савдо ва маиший хизмат шохобчалари, кафе ва ресторанлар, банк офиси, аквапарк, мусиқали фаввора, автотураргоҳ бўлади. Бинолар тепасига қуёш панеллари ўрнатилади. Дарё устида сайр учун шишали кўприк қурилади.
Мажмуа кунига 5 мингдан ортиқ кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Мавсумийлари билан бирга 2 минг 500 та иш ўрни яратилади.
Президентимиз хизмат турларини кўпайтириб, фаол туризмни ривожлантириш, бундай мажмуаларни бошқа туманларда ҳам лойиҳалаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Ҳудудда экологияга алоҳида эътибор бериш, яшилликни кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида барпо этилаётган “Ugam River” туристик мажмуасини бориб кўрди.
Угам дарёси бўйидаги бу маскан илгари тўла фойдаланилмаган, тошлоқ жой эди. Бу йил 1 триллион сўмликдан зиёд лойиҳа доирасида қарийб 14 гектар майдонда қурилиш бошланди. Ҳозирда 17 та кўп қаватли уй қад кўтармоқда. Улар 5, 6 ва 7 қаватли, 870 хонадондан иборат бўлади.
Шунингдек, 16 та коттеж, 3 та ресторан, йигирмадан ортиқ савдо ва хизмат шохобчалари марказлари қурилади. Болалар ўйингоҳлари, ёпиқ сув ҳавзаси, фитнес ва спорт майдончалари, амфитеатр, автотураргоҳ, автомобил кўприги, тоғ ва соҳил бўйи йўлаклари ҳам ташкил этилади.
Бу қулайликлари билан янги мажмуа йилига 200 минг нафар ташриф буюрувчига хизмат кўрсата олади. Бу туманнинг туризм салоҳиятини янада оширади. Биринчи босқич - кўп қаватли уйларни келаётган йилнинг бошида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Давлат раҳбари шундай хонадонлардан бирини кириб кўрди.
Сайёҳлар кўпроқ чиройли табиатга, тоза ҳавога интилади. Шуни инобатга олиб, мавжуд дарахтзорга қўшимча 20 минг туп кўчат ўтқазилади. Замонавий технологиялар воситасида кунига 1 минг метр куб дарё суви қайта ишланади. 2 мегаваттлик термал иситиш ва совитиш тизими йўлга қўйилади.
Президент соҳа мутасаддиларига ҳудуд тарғиботини кенгайтириб, бундай масканларга сайёҳларни жалб этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Туризм лойиҳалари туфайли иш ўринлари кўпаймоқда. Шу билан бирга, аҳолининг анъанавий шаклланган касб-ҳунарларини ҳам асраш кераклиги таъкидланди. Масалан, туман асал, лимон етиштириш учун мос. Уларни ривожлантириш табиий муҳитни асраб-авайлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим.