Бухорода "тозалаш" давом этади
Ҳокимнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари ҳам ишдан олинди.
Ҳафиза Ортиқова Бухоро вилояти ҳокимига этиб ўринбосар тайинланди.
Ибрагимова Феруза Баҳодурхановна бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари-оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи лавозимидан озод қилинди.
Ортиқова Ҳафиза Туймуродовна Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари-оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Ҳафиза Ортиқова 1976 йил 24 декабрда Бухоро туманида туғилган. 1997 йилда Бухоро давлат университетини битирган. Биология фанлари доктори, профессор.
Айни пайтга қадар у Бухоро давлат педагогика институтининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори вазифасида ишлаб келаётган эди.
Аввалроқ Бахтиёр Адилов ҳам Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари этиб тайинланганди.
Мирали Ҳамроев ўз аризасига кўра ҳокимнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимидан озод этилган.
Шунингдек, Когон шаҳри, Вобкент, Қоровулбозор ва Пешку туманларида ҳокимлар ўзгарди.