Кўрик-танлов шаффоф ўтяптими?
Мактаб ўқувчилари ўртасида "Жадидлар изидан" республика кўрик-танлови бўлиб ўтмоқда.
Жорий йил умумий ўрта таълим мактабининг 6-10-ўқувчилари ўртасида илк бор "Жадидлар изидан" республика кўрик-танлови ташкил қилинди.
Унда буюк жадид аллома, адиб ва мутафаккирларимизнинг бой маънавий меросини кенг тарғиб қилиш орқали ўқувчиларни китобхонликка жалб этиш, маънавий дунёсини бойитиш, уларда мустақил ва танқидий фикрлаш кўникмасини шакллантириш, шу билан бирга, жадидлар илмий-маданий меросини ёшлар онггига сингдириш мақсад қилинган. Хўш, танлов қай даражада шаффоф ўтказилмоқда?
Танловнинг дастлабки босқичи туман ва шаҳарларда умумий ўрта таълим мактабларидаги ўқувчилар ўртасида жорий йилнинг октябр ойида ўтказилди. Мазкур босқичда иштирокчилар жадидлар ҳаёти ва ижоди бўйича 2 та шарт асосида саралаб олинди.
Қизғин ва ҳаяжонли баҳс-мунозараларга бой тарзда кечган иккинчи босқич, яъни танловнинг ҳудудий босқичи ноябр ойида ёшларни яна бир карра бир мақсад остида бирлаштирди. Унда вилоят миқёсида жадидлар билимдонлари республика босқичида иштирок этиш учун ўз билимларини синовдан ўтказди. Шунингдек, иштирокчилар "Бошқотирма", "Жадидлар ҳаёти ва ижоди" (тезкор савол-жавоб), "Асар таҳлили" каби шартлар бўйича беллашди.
Якуний босқичда ёш билимдонларни янада мураккаб синовлар кутмоқда. Унда республика миқёсида сараланган энг кучли билимдонлар тезкор савол-жавоб, асар таҳлили, эркин фикр ва иншо ёзиш каби шартларда ўзаро интеллектуал кураш олиб боради. Беллашув якунида ҳар бир синф тоифаси бўйича иштирокчиларнинг барча шартлардаги натижалари қўшиб ҳисобланганда энг юқори балл тўплаган иштирокчилар орасидан 1, 2 ва 3-ўрин эгалари аниқланади. Агар иштирокчилар ўртасида умумий баллар тенг бўлиб қолса, Ҳакамлар ҳайъати томонидан қўшимча саволлар бериш орқали ғолиблар аниқланади.
Танловда иштирокчиларга тайёргарлик кўриши учун вақт берилмайди. Бунда ўқувчилар ҳеч ким билан мулоқот қилмайди ва тўғридан-тўғри саволга жавоб беради. Қолаверса, танлов ўтказилаётган ҳар бир ҳудудда камера назорати ўрнатилган. Ҳар бир ҳудудий босқич тасвирга олиниб, танловнинг YouTube платформасидаги саҳифасида жойлаштирилади. Шунингдек, танлов натижаси бўйича берилган шикоятларни кўриб чиқиш учун уч кишидан иборат Апелляция комиссияси ҳам ташкил этилган.