Бухорода Жадидлар мероси музейи ташкил этилади
Музей харажатлари Бухоро вилояти бюджети маблағлари, музейнинг ўз даромадлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
Бухоро шаҳридаги тарихий маскан – Ҳовли Поён мажмуасида Жадидлар мероси давлат музейи ташкил этилади. Бу бўйича Ўзбекистон президенти қарори эълон қилинди.
Қуйидагилар музей фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- жадидлик ҳаракатига оид мамлакатимиз ва хориждаги турли манбалар ва тарихий ҳужжатларни аниқлаш, тўплаш, сақлаш, ўрганиш, тиклаш, нусхалаш, эълон қилиш, улар асосида Музей фондини бойитиб бориш ва экспозицияларни яратиш, шунингдек, маданий-маърифий ва илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш;
- маърифатпарвар жадидларнинг ватанимиз ва жаҳон тарихидаги муҳим ўрни ва аҳамиятини, миллий истиқлолимизнинг маънавий асосларини яратишдаги ҳиссаси ва фидойиликларини ҳаққоний ёритиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш;
- музей экспозицияларини яратишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш.
Музей учун “Миллий меросга менинг ҳиссам” умумхалқ акцияси доирасида аҳолидан жадидлик ҳаракатига оид тарихий материаллар, ашёлар, ноёб суратлар харид қилинади.
Музейга штат бирликларини ажратиш ҳамда ходимларга иш ҳақи тўлаш Маданий мерос агентлиги тизимидаги музейлар учун белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.
Музейни ташкил этиш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган музей ашёлари ва коллекциялари, китоб ва қўлёзмалар, шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган қурилиш материаллари, асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, жиҳозлар, эҳтиёт қисмлар, металл конструкциялар, мебель ва инвентарлар 2025 йил 1 январга қадар божхона божидан озод этилади. Ушбу музейни сақлаш харажатлари – Бухоро вилояти маҳаллий бюджети маблағлари, музейнинг ўз даромадлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.