platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Маданият

Алишер Навоий музейи биноси бошқа ташкилотга бериб юборилаётгани изоҳланди

​Ушбу объектнинг бошқа фойдаланувчига ўтказилиши унинг “Маданий мерос объекти” мақомини мутлақо ўзгартирмаслиги маълум қилинди. Айни пайтда бинода 4,6 миллиард сўмлик фасад таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 

Алишер Навоий музейи биноси бошқа ташкилотга бериб юборилаётгани изоҳланди

Ижтимоий тармоқларда Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи фаолияти тугатилаётгани, унинг биноси сирли равишда бошқа ташкилотга бериб юборилаётгани ҳамда маданий мерос объектларига зарар етказилиш хавфи борлиги ҳақида ммаълумотлар тарқалди.

Маданий мерос агентлиги Алишер Навоий номидаги давлат Адабиёт музейи биносининг (аслиятда — “Рус ёш томошабинлар театри биноси”) Давлат ёшлар театрига бириктирилиши ва фондларнинг кўчирилиши юзасидан юзага келган саволларнинг ҳуқуқий ва фактологик асосларини тўлиқ очиб бериш мақсадида ўрганиш ишлари олиб борган.

Айтилишича, ​Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, А. Навоий кўчаси, 69-уй манзилида жойлашган ушбу объект Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сон қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рӯйхатига (Тошкент шаҳар бўлими, 12-банд) киритилган бўлиб, давлат муҳофазасига олинган.

​Ушбу объектнинг бошқа фойдаланувчига ўтказилиши унинг “Маданий мерос объекти” мақомини мутлақо ўзгартирмайди. “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддасига мувофиқ, моддий маданий мерос объектининг фойдаланувчиси ёки мулкдори ким бўлишидан қатъи назар, унинг ташқи ва ички кўринишини объект паспортига киритилган муҳофаза мазмуни маълумотларига мувофиқ ҳолда сақлаш мажбурияти ўз кучида қолади.

Фойдаланувчи ўзгариши ҳуқуқий мажбуриятларни бекор қилмайди, балки янги фойдаланувчи (театр) зиммасига юклайди, дейилади хабарда.

​Мазкур объект тарихан ва архитектуравий жиҳатдан “Рус ёш томошабинлар театри биноси” сифатида барпо этилган бўлиб, Давлат ёшлар театри узоқ йиллардан буён ушбу мажмуанинг бир қисмида фаолият юритиб келади. Бино ҳукуматнинг ХДФУ (Хизмат доирасида фойдаланиш учун) қарори билан театрга берилганининг сабаби — мазкур мажмуани ягона маданий-театр мажмуаси сифатида сақлаб қолиш ва театрнинг кенгайган эҳтиёжлари (репетиция заллари, грим хоналари, декорация устахоналари) учун шароит яратишдир.

​Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги ПҚ-5150-сон қарори 4-бандининг тўртинчи хатбошисига мувофиқ, “давлат кўчмас мулки ҳисобланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ёки текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида бириктириш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширилади”.

Бино маданий мерос объектлари рўйхатида бўлгани билан Маданий мерос агентлиги балансида эмас, балки Фанлар академияси тизимида бўлган ва балансда сақловчининг таклифи инобатга олиниб, Ҳукумат қарори билан оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Давлат ёшлар театрига текин фойдаланишга берилган.

​Бино Ҳукуматнинг ХДФУ (Хизмат доирасида фойдаланиш учун) қарори билан театрга берилганининг сабаби — мазкур мажмуани ягона маданий мажмуа сифатида сақлаб қолишдир.

​Объектни таъмирлаш ва тиклаш лойиҳаси Агентлик ҳузуридаги Ильмий-эксперт кенгаши томонидан қатъий назоратга олинган ва икки босқичга бўлинган:

​Ташқи фасад лойиҳаси: Кенгашнинг 2026 йил 18-20 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги сайёр йиғилишининг 11-сонли баёни 55-банди билан маъқулланган. Унга кўра, бинонинг ташқи қисмини жорий таъмирлаш, ташқи томондаги дераза ромларини алмаштириш ҳамда бино атрофи ҳудудини “Кўксарой” гранити билан қоплаш ишлари белгиланган. Кенгаш лойиҳада йўқолиб кетган кичик архитектура элементларининг изларини қайта тиклаш ҳамда бино ташқи кўринишида қатъий равишда RAL 1015 NCS 0510-Y30R рангини қўллаш шартини қўйган. Ушбу 1-босқич лойиҳа-смета ҳужжатлари 4 612 000 000 (тўрт миллиард олта юз ўн икки миллион) сўм этиб белгиланган ва ҳозирда ишлар олиб борилмоқда.

​Ички қисм ва Ч.Аҳмаров ҳамда Т.Саъдуллаевнинг деворий суратлари (паннолари) тақдири: Ички қисмни таъмирлаш ва реставрация қилиш масаласи 2-босқичга киритилган. Бу бўйича лойиҳа ҳужжатлари такомиллаштирилмоқда. Агентлик томонидан ички залларидаги бетакрор деворий суратларни ва Чингиз Аҳмаров қаламига мансуб ғазаллар сужети акс этган ноёб санъат асарларини кўчириш мутлақо имконсиз деб баҳоланган. Улар жойида асл ҳолича сақланади ва Кенгаш томонидан ички таъмирлаш лойиҳаси фақат ушбу деворий суратларни консервация ва реставрация қилиш шарти билангина иккинчи босқичда кўриб чиқилади.

​Музей фондидан ўрин олган ноёб экспонатлар Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 майдаги 234-Ф-сонли фармойишига асосан, Янги Тошкент шаҳрида қурилаётган замонавий бино ишга тушгунга қадар вақтинчалик хавфсиз сақлаш учун Ислом цивилизацияси маркази ва Фанлар академиясининг Антропология институтига кўчирилмоқда.

​Кўчирилган маданий бойликларнинг бут сақланиши учун ушбу муассасалар раҳбарияти, бинонинг моддий дахлсизлиги ва реставрация жараёнларининг қонунийлиги учун эса ПҚ-5150-сон қарорнинг 3 ва 16-бандиларига мувофиқ, Маданий мерос агентлиги бевосита шахсий ва юридик жавобгардир.

​Агентлик мазкур бинода олиб борилаётган 4,6 миллиард сўмлик фасад таъмирлаш ишларининг ҳар бир босқичини, айниқса, иккинчи босқичдаги ички заллари ва Чингиз Аҳмаров мероси назоратини ўз зиммасига олади ва қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймайди.

"​Биз жамоатчилик назоратини олқишлаймиз ва тарихий биноларимизни асраб-авайлаш учун барча ҳуқуқий, маъмурий ва суд органлари даражасидаги чораларни кўришга тайёрмиз.

​Агентлик соҳага оид қонунчилик ҳужжатларининг бузилишига йўл қўймаслик бўйича ўзига берилган ваколатлар доирасида ушбу объект устидан мониторинг назоратини давом эттиради", дейилади расмий муносабатда.

​“Ўзбекистоннинг ҳеч бир тарихий биноси ва ҳеч бир маданий мерос объекти тижорат ёки бошқа ёт манфаатлар қурбонига айланмаслиги керак. Бинонинг Ёшлар театрига топширилиши унинг давлат муҳофазасидан чиқарилишини англатмайди ва бундан ташқари, уни бузишга ҳам ҳуқуқ бермайди. Маданий мерос объекти мақоми ҳамда уни сақлаш бўйича қонунда белгиланган барча талаблар ўзгаришсиз қолади. Биз ушбу тамойилни изчил ҳимоя қиламиз”, — дейди Элмурод Нажимов, Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid