Туркия янги дронлар кузатуви орқали маданий меросни муҳофаза қилишни кучайтирмоқда
Манисадаги қадимий Сардис шаҳри ва Бин Тепедаги Лидия қўрғонларида ҳаводан кузатув ҳамда хавфсизлик маркази ишга туширилди. Эндиликда мазкур ҳудуд узоқ масофани кузатиш ҳамда тунги тасвирга олиш имкониятига эга дронлар ёрдамида назорат қилинади.

Бугунги кунда технология тараққиёти ўтмишдан қолган бебаҳо меросни асраб-авайлаш учун ҳам катта имкониятлар яратмоқда. Дунёнинг энг жозибали сайёҳлик масканларидан бири бўлган Туркия бу имкониятлардан ўзининг бой маданий меросини келажак авлодлар учун муҳофаза қилиш йўлида фойдаланмоқда. Мамлакатда олиб борилаётган археологик қазишмалар, реставрация ишлари ва маданий бойликларни қайтариш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга қўшимча равишда, Манисадаги қадимий Сардис шаҳри ва Бин Тепедаги Лидия қўрғонларида ҳаводан кузатув ҳамда хавфсизлик маркази ишга туширилди. Эндиликда мазкур ҳудуд узоқ масофани кузатиш ҳамда тунги тасвирга олиш имкониятига эга дронлар ёрдамида назорат қилинади. Бу тарихий меросни ноқонуний қазишмалар ва жисмоний шикастланишлардан ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Илк тангалари билан машҳур бўлган Лидия давлатининг пойтахти Сардис Туркиянинг қадим тарихидан дарак берувчи ноёб ёдгорликдир. Унинг яқинида жойлашган қироллик некрополи Бин Тепе қарийб 75 квадрат километр майдонни эгаллаб, 120 дан ортиқ қўрғон қабрни ўз ичига олади. Шу жиҳатдан у дунёдаги энг йирик қадимий некрополлардан бири ҳисобланади.
Сардис ва Бин Тепе 2025 йилда Анадолудаги Лидия цивилизациясининг ўзига хос маҳаллий маданиятини акс эттирувчи нодир археологик ва меъморий ёдгорликлари учун ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди.
Меросни муҳофаза қилишда энг замонавий технологиялар
Сардис қадимий шаҳридаги ҳаводан кузатув ва хавфсизлик маркази ёдгорликнинг кенг ҳудудини доимий назорат остида сақлайди. Мазкур технологик марказ тарихий меросни ноқонуний қазишмалар ва хазина изловчилардан ҳимоя қилиб, уни келажак авлодларга асл ҳолича етказишда муҳим восита бўлади. Марказнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой тарихий ёдгорликларга таҳдидларни имкон қадар эрта аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этиш зарурлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, Сардис марказининг асосий мақсади - ноқонуний қазишмалар содир бўлишидан аввал уларни технологиялар ёрдамида тўхтатиш ва Туркиянинг маданий бойликларини ўз юртида сақлаб қолишдир.
.jpg)
Туркия маданий бойликларнинг ноқонуний савдосига қарши курашни уч асосий тамойилга - олдини олиш, халқаро ҳамкорлик ва мамлакатга қайтаришга таяниб олиб бормоқда. Сардис қадимий шаҳридаги янги марказ ушбу стратегиянинг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатларининг амалий ифодасидир.
Марказ тунги кўриш имкониятига эга, узоқ масофага уча оладиган иккита учувчисиз учиш аппарати (УУА) тизими билан жиҳозланган. Унинг қамров ҳудуди учта антенна тизими ёрдамида янада кенгайтирилган. Шунингдек, кузатув станциялари, йирик экранлар ва хавфсизлик камералари ҳам ишга туширилган. Марказга бириктирилган хавфсизлик ходимлари дронларни бошқариш бўйича махсус тайёргарликдан ўтиб, зарур сертификатларга эга бўлган.
Ҳаводан кузатув вақтида аниқланган ҳар қандай шубҳали ҳолат ёки ноқонуний қазишмага уриниш ҳақидаги маълумотлар марказ орқали тезкор чоралар кўриш учун дарҳол жандарм бўлинмаларига етказилади.

Сардис қадимий шаҳрида ташкил этилган ушбу тажриба тариқасидаги ҳаводан кузатув ва хавфсизлик маркази Туркияда келгусида маданий меросни муҳофаза қилиш сиёсатини такомиллаштириш ҳамда қўшимча ҳимоя чораларини ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Маданий меросни муҳофаза қилиш йўлида ҳамкорлик
Тарихий артефактларнинг ноқонуний олиб чиқилишига қарши курашнинг халқаро ҳамкорлик доирасида Туркия ЮНEСКО, ИНТEРПОЛ, Жаҳон божхона ташкилоти ҳамда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси каби халқаро тузилмалар билан яқиндан ҳамкорлик қилади.
Шу саъй-ҳаракатлар доирасида Туркия ва АҚШ ўртасида 2021 йилда имзоланган, маданий бойликларни олиб киришга қўйилган чекловларни тартибга солувчи Англашув меморандуми 2026 йилда яна беш йилга узайтирилди. Бундан ташқари, Манхеттен округи прокуратураси ҳамда АҚШ Ички хавфсизлик департаментининг Терговлар бошқармаси (ҲСИ) билан ҳамкорликда олиб борилган тергов ва суд жараёнлари маданий бойликларни Туркияга қайтаришда муҳим натижалар берди.
13 474 та маданий бойлик Туркияга қайтарилди
Турк мутасаддилари маданий бойликларни қайтариш доирасида хорижга олиб чиқиб кетилган артефактлар дунёнинг қайси бурчагида бўлишидан қатъи назар, уларни излаб топишда давом этмоқда. Вазир Меҳмет Нури Эрсой марказнинг очилиш маросимида маълум қилган рақамларга кўра, 2002 йилдан буён Туркия 13 474 та маданий бойликни қайтаришга эришган. Шундан 9 159 таси сўнгги саккиз йил ичида мамлакатга олиб келинган.
.jpg)
Қайтарилган энг муҳим маданий бойликлар қаторидан АҚШдан олиб келинган Бурдур шаҳридан топилган Марк Аврелийнинг бронза ҳайкали, АҚШ ва Даниядан қайтарилган Дюверга оид терракота меъморий лавҳалари, Буюк Британия ва Испаниядан олиб келинган Изник кошинлари ҳамда Швейцариядан қайтарилган Урарту бронза буюмлари ўрин олади.
Шунингдек, Буюк Британиядан қайтарилиб, Сидамара саркофаги билан бирлаштирилган Эрос боши, АҚШдан олиб келинган Зеугма мозаика панели ва Нидерландиядан қайтарилган Шиле шаҳридаги Бозгожа масжидига оид битик ҳам Туркияга қайтарилган муҳим маданий бойликлар сирасига киради.





