Фанлар академияси Алишер Навоий адабиёт музейининг кўчирилишига изоҳ берди
Музей фондларини вақтинча сақлаш жойларига кўчириш ишлари нодир манбаларнинг бутлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларни хатловдан ўтказиш мақсадида амалга оширилмоқда. 2026 йил 9 июнь куни музей фондида сақланган 847 номдаги нодир қўлёзма Ислом цивилизацияси марказининг махсус сақлаш хонасига жойлаштирилган.

Пойтахтдаги Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейининг кўчирилиши тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Ўзбекистон Фанлар академияси адабиёт музейининг кўчирилиши, фаолиятининг вақтинча тўхтатилиши ҳамда мавжуд биносидан келгусида фойдаланиш масалалари юзасидан расмий муносабат эълон қилди.
Айтилишича, музей фондларини вақтинча сақлаш жойларига кўчириш ишлари нодир манбаларнинг бутлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларни хатловдан ўтказиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2026 йил 9 июнь куни музей фондида сақланган 847 номдаги нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг махсус сақлаш хонасига жойлаштирилган. Топшириш-қабул қилиш ишлари масъул комиссия иштирокида амалга оширилган.
Академия фондларни бирламчи хатловдан ўтказиш жараёнида дастлабки ҳисоб маълумотлари билан мавжуд ашёлар сони ўртасида айрим тафовутлар аниқланганини ҳам билдирди. Жумладан, нодир қўлёзмалар сони 831 та ўрнига 847 та, тошбосма нашрлар 1 334 та ўрнига 1 491 та, ёзувчи ва шоирлар архивига оид материаллар эса 173 та ўрнига 189 та экани қайд этилган.
Ҳозирда ушбу тафовутларнинг сабабларини аниқлаш учун ҳисоб ҳужжатлари, инвентар китоблари ва фонд рўйхатлари солиштирилмоқда. Фанлар академияси музей ташриф буюрувчилар ва тадқиқотчилар учун вақтинча ёпилганини тасдиқлади. Бироқ муассаса ходимлари фаолиятини давом эттираётгани, фондларни хатловдан ўтказиш ва музей ашёларини муҳофаза қилиш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.
Шунингдек, Янги Тошкентда барпо этилиши режалаштирилган янги бино фойдаланишга топширилгач, музей фондларини у ерга кўчириш ва муассаса фаолиятини давом эттириш кўзда тутилган. Музейнинг ҳозирги биносидан келгусида фойдаланиш масаласи эса тегишли ваколатли ташкилотлар томонидан белгиланган тартиб ва қабул қилинган қарорлар асосида ҳал этилиши билдирилган.





