Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Италияга мағлуб бўлди
Энди Ўзбекистон U17 терма жамоаси қолган гуруҳлардаги ўйинларнинг якунланишини кутишига тўғри келади. Регламентга асосан учинчи ўринни эгаллаган 12 та жамоадан энг яхши натижага эга 8 таси 1/16 финалга чиқади.

Футбол бўйича 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг сўнгги турида Ўзбекистон терма жамоаси Италияга қарши майдонга тушиб, 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
Учрашувнинг биринчи бўлимида италияликлар тўлиқ устунликка эришиб, кетма-кет учта гол уришди: 7-дақиқада Т. Касагранде, 31-дақиқада Ф. Крочи, биринчи таймга қўшиб берилган дақиқаларда (45+2') эса Т. Корильяно ўз номини таблога ёздириб қўйди.
Иккинчи бўлимда вакилларимиз вазиятни ўнглашга ҳаракат қилишди ва 75-дақиқада С. Садиржоновнинг голи эвазига ҳисобни қисқартиришди. Бироқ ўйин якунига қадар ҳисоб бошқа ўзгармади.
U-17 Жаҳон чемпионати
Гуруҳ босқичи, сўнгги тур
Ўзбекистон — Италия 1:3
Голлар: С. Садиржонов (75') — Т. Касагранде (7'), Ф. Крочи (31'), Т. Корильяно (45+2').





