Жаҳон банки Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 800 млн доллар ажратди
Жаҳон банки Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 800 млн долларлик молиялаштириш пакетини маъқуллади. Маблағлар 275 мингта иш ўрни яратиш, энергетика ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, шунингдек, мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштиришга йўналтирилади.

Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 800 миллион АҚШ доллари миқдоридаги молиялаштириш пакетини маъқуллади.
Маблағлар юқорироқ ҳақ тўланадиган иш ўринларини кўпроқ яратиш, хусусий секторнинг ролини кенгайтириш, мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувини чуқурлаштириш ҳамда янада экологик тоза ва инклюзив ўсиш моделига ўтишга қаратилган ислоҳотлар учун йўналтирилади. Эришилган ютуқларга таянган ҳолда, ушбу ислоҳотлар мамлакатнинг барча ҳудудларида хотин-қизлар, фермерлар ва тадбиркорлар учун имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилади. 2029–2031-йилларда кўзланаётган чора-тадбирлар натижасида 275 000га тенг қўшимча ва сифатлироқ иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Жаҳон банкининг кўмаги ҳукуматга қуйидаги йўналишларда чора-тадбирларни амалга оширишда ёрдам беради.
Хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш: ижтимоий суғурта қамровини, шу жумладан ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақаларни кенгайтириш, янада хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш механизмларини такомиллаштириш, шунингдек ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар ва оилаларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида ижтимоий иш ходимларининг касбий малакасини ошириш.
Хусусий секторнинг рақобатбардошлигини ошириш: Давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва адолатли рақобат тизимини мустаҳкамлаш ишлари давом эттирилади. Бу хусусий бизнесни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, инновацияларни жорий этиш ва иш ўринларини яратиш имкониятларини кенгайтиради.
Ўзаро боғланган рақамли иқтисодиётни ривожлантириш: Маълумотларни хавфсиз трансчегаравий узатиш қоидалари такомиллаштирилади. Бу корхоналарга шахсий маълумотларнинг тегишли даражада ҳимоя қилинишини таъминлаган ҳолда рақамли технологиялар, булутли хизматлар ва халқаро рақамли платформалардан фаолроқ фойдаланиш имконини беради. 2028 йилга бориб дастур доирасида яна 500 000 фойдаланувчи, жумладан, 250 000 нафар хотин-қизлар кенг полосали интернетдан фойдаланиш имконияти билан таъминланиши кўзда тутилган.
Замонавий ва ишончли энергетика хизматлари: Электр энергияси ва табиий газ бозорларини тартибга солувчи қоидалар ҳамда институтлар такомиллаштирилади. Шу билан бирга, хусусий инвестициялар учун, жумладан, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва тақсимлаш соҳаларида имкониятлар кенгайтирилади. 2028 йилгача электр энергияси истеъмолчиларининг 15 фоизига хусусий операторлар бошқарувидаги тақсимлаш тармоқлари орқали хизмат кўрсатиш режалаштирилган.
Фермер хўжаликларининг барқарорлигини ошириш: Фермер ва чорвадорларни қурғоқчилик, сув тошқинлари, кескин об-ҳаво ҳодисалари ҳамда қишлоқ хўжалигидаги бошқа хатарлардан яхшироқ ҳимоя қилиш мақсадида қишлоқ хўжалиги суғуртаси кенгайтирилади. Дастурда 2028 йилга бориб фермер ва чорвадорларнинг 35 фоизини суғурта билан қамраб олиш кўзда тутилган.
Савдони жадаллаштириш ва соддалаштириш: савдо тартиб-таомилларини модернизация қилиш ва рақамлаштириш, ташқи савдо учун “ягона дарча” тизимини мустаҳкамлаш ва чегара тартиб-таомилларини соддалаштириш назарда тутилган. Мазкур чора-тадбирлар корхоналарга халқаро савдони осонроқ ва камроқ харажат билан амалга оширишга ёрдам беради, шунингдек, Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувига ва мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнига хизмат қилади.
Янада экологик тоза ва энергия тежамкор ривожланиш: Биноларнинг энергия самарадорлиги стандартлари такомиллаштирилади. Шунингдек, корхоналарга атроф-муҳит ифлосланишини ва энергия сарфини камайтириш имконини берувчи экологик тоза технологияларга сармоя киритиш учун рағбатлар тақдим этилади. 2028 йилга бориб дастур доирасида энергия самарадорлигини оширишга 10 миллион АҚШ доллари миқдорида хусусий инвестицияларни жалб этиш ва тақсимланган қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 3 000 МВтгача етказиш кўзда тутилган.





