platina.uz
Мақола

38 ёшдан пенсияга: дунё давлатларида одамлар неча ёшда нафақага чиқмоқда?

Жаҳон тажрибаси оғриқли ислоҳотни “ҳамма фақат ютади” деб кўрсатиш ишончни оширмаслигини, аксинча, пасайтиришини кўрсатади. Агар давлат инсонга 63, 65 ёки 67 ёшгача ишлашни таклиф қилса, у яна бир саволга ҳам жавоб бериши шарт: шу ёшда уни ким иш билан таъминлайди?

38 ёшдан пенсияга: дунё давлатларида одамлар неча ёшда нафақага чиқмоқда?

Ўзбекистонда шу кунларда пенсия ислоҳотлари ўтказилиши арафасида. Хусусан, пенсия ёшини ошириш масаласи кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Шундай жараёнлар фонида жаҳонда бу каби ислоҳотлар қандай ўтказилгани қизиқ туюлиши табиий.

Тан олиш керак, пенсия ислоҳоти деярли ҳеч қаерда оммабоп қарор бўлмайди. Давлат учун бу, аввало, оддий арифметика: қанча одам ишлаяпти, қанчаси бадал тўлаяпти, қанчаси пенсия оляпти ва бу тўловлар неча йил давом этади. Оддий фуқарони эса яна неча йил ишлашга тўғри келади ва у умуман пенсиядан фойдаланишга улгуриши ёки улгурмаслиги кўпроқ қизиқтиради. Шунинг учун пенсия ёшини ошириш – жамият учун энг нозик сиёсий ислоҳотлардан бири ҳисобланади.

Франция: атиги икки йил инқирозга айланди

Франциянинг 2023 йилги пенсия ислоҳоти нисбатан кичик кўринган пенсия ёши оширилиши ҳам нақадар кучли ижтимоий қаршилик келтириб чиқариши мумкинлигини яққол намоён қилди.

Президент Эммануэль Макрон минимал пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшга оширишни, шу билан бирга тўлиқ пенсия олиш учун талаб қилинадиган 43 йиллик суғурта бадаллари даврига ўтишни тезлаштиришни таклиф қилди.

Ҳукумат ислоҳотни аҳолининг қариши ва пенсия тизими дефицити ортиб кетишининг олдини олиш зарурати билан изоҳлади. Таъкидлаш керак, Францияда пенсия харажатлари ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 14 фоизини ташкил этади ва бу ривожланган давлатлар орасидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

Аммо можаронинг асосий сабаби фақат иқтисод эмас, балки қарорнинг қандай қабул қилингани ҳам бўлди. Ҳукумат Конституциянинг 49.3-моддасидан фойдаланди. Бу механизм қонун лойиҳасини Миллий ассамблеяда одатий якуний овоз беришсиз қабул қилиш имконини берди ва унинг тақдири ҳукуматга ишонч масаласи билан боғланди.

Айнан шу қадам норозиликнинг янада кучайишига сабаб бўлди. Францияни узоқ давом этган иш ташлашлар ва оммавий намойишлар қамраб олди. Қаршилик фақат икки йил кўпроқ ишлаш масаласи билан боғлиқ эмасди. Кўплаб французлар учун нисбатан эрта пенсияга чиқиш давлат ва фуқаро ўртасидаги ижтимоий келишувнинг бир қисми сифатида қабул қилинган эди.

Шунга қарамай, ислоҳот кучда қолди. Конституциявий кенгаш унинг асосий қоидаларини маъқуллади ва 64 ёшлик пенсия ёши босқичма-босқич жорий этила бошланди.

Германия: 65 ёшдан 67 ёшга, аммо қарийб йигирма йил давомида

Германия бошқача йўлни танлади. 2007 йил март ойида Бундестаг стандарт пенсия ёшини 65 ёшдан 67 ёшга босқичма-босқич ошириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Ўтиш жараёни 2012 йилда бошланди ва тегишли авлодлар учун 2029 йилга келиб якунланиши керак. Жуда узоқ суғурта стажига эга бўлганлар учун алоҳида қоидалар сақлаб қолинган.

Бу қарорнинг сабаби Европа давлатлари учун анъанавий: умр кўриш давомийлигининг ўсиши, ёш аҳоли улушининг камайиши ва ишловчилар билан пенсионерлар ўртасидаги нисбатни барқарор сақлаш зарурати асосий сабаб бўлган.

Ҳукумат ҳужжатларида «67 ёшда пенсия» тўғридан-тўғри демографик ўзгаришлар, суғурта бадалларининг барқарорлигини таъминлаш ва пенсия миқдорини сақлаб қолиш зарурати билан асосланган.

Германияда бу қарор парламент орқали қабул қилинди. Бироқ Германияда ҳам қаршиликлар юзага чиқди.

Касаба уюшмалари оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланувчилар учун пенсия ёшини ошириш амалда пенсия миқдорининг камайишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Чунки агар инсон 67 ёшгача ишлай олмаса, у эртароқ пенсияга чиқишга мажбур бўлади ва камроқ тўлов олади.

2007 йил январь ойида фақат Volkswagen корхоналарида ислоҳотга қарши намойишларда ўн минглаб ишчилар қатнашган.

Аммо Германия модели узоқ ўтиш даври билан ажралиб туради. Қоидалар якуний 67 ёшлик чегарага етишдан анча олдин эълон қилинган.

Кейинчалик катта ёшдаги аҳоли бандлиги ҳам ўсди. Ҳукумат ҳисоботларида 60–64 ёшли расмий суғурталанган ишчилар сони сезиларли кўпайгани қайд этилган.

Бу натижани фақат пенсия ислоҳотига боғлаб бўлмайди, албатта. Аммо пенсия ёши оширилиши билан бирга меҳнат бозори ҳам кекса аҳолига мослаша бошлади.

Буюк Британия: доимий қайта кўриб чиқиладиган параметр

Британия модели босқичма-босқич ўтказилгани билан ажралиб туради. Илгари аёллар давлат пенсиясини 60 ёшдан, эркаклар эса 65 ёшдан оларди. 1995 йилги қонун аёлларнинг пенсия ёшини босқичма-босқич 65 ёшга тенглаштиришни бошлади. Кейин янги қонунлар қабул қилинди ва 2020 йилга келиб эркаклар ҳамда аёллар учун давлат пенсия ёши 66 ёш этиб белгиланди. Энди бу “чизиқ” 2026–2028 йилларда 67 ёшга оширилмоқда. Амалдаги қонунчилик эса кейинчалик уни 68 ёшга етказиш имконини ҳам кўзда тутади.

Буюк Британияда ўзгаришлар парламент томонидан бир неча босқичда қабул қилинган қонунлар орқали амалга оширилди.

Қайд этиш жоиз, ҳукумат, шунингдек, фуқароларга жиддий ўзгаришлар ҳақида тахминан ўн йил олдин хабар бериш тамойилини қўллаб келади. Лекин узоқ ўтиш даври ҳам низоларни тўлиқ йўқота олмади. Айниқса 1950-йилларда туғилган аёллар кучли норозилик билдирди. Улар учун пенсия ёшини ошириш графиги кейинчалик тезлаштирилган эди. Асосий баҳслардан бири давлат ушбу аёлларга ўзгаришлар ҳақида етарлича ва ўз вақтида ахборот берган-бермагани бўлди.

Британия тажрибаси шуни кўрсатади: фуқарони қанча олдиндан огоҳлантириш — баъзан пенсия ёши неча йилга оширилаётгани каби муҳим ҳисобланади.

Швеция: пенсия ёши умр кўриш давомийлигига боғланди

Швеция энг тизимли моделлардан бирини яратган давлатлардан бири. 2017 йилда олтита парламент партияси пенсия ёши чегараларини ошириш бўйича партиялараро келишувга эришди.

Давлат пенсиясининг айрим қисмларини олиш учун минимал ёш 61 ёшдан босқичма-босқич 64 ёшга оширилиши, ижтимоий кафолатланган пенсия ёши эса умр кўриш давомийлигига мос равишда кўтарилиши белгилаб қўйилди. 2023 йилда давлат пенсиясини олиш учун минимал ёш 62 ёшдан 63 ёшга, кафолатланган пенсия ёши эса 65 ёшдан 66 ёшга оширилди. 2026 йилдан эса умр кўриш давомийлиги билан боғланган 67 ёшлик ориентир қўлланила бошлайди.

Бу ерда қарор битта партия ташаббуси эмас, кенг партиялараро келишув натижаси бўлди. Шунга қарамай, чап сиёсий кучлар ва айрим касаба уюшмалари оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланувчилар учун бу тизим адолатсиз бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Швеция Пенсия агентлиги тадқиқотлари пенсия ёшининг оширилиши одамларнинг хатти-ҳаракатини ўзгартирганини кўрсатади: фуқаролар пенсияга чиқишни кечиктира бошлаган, натижада кейинроқ чиққани учун ойлик пенсиялари ҳам юқорироқ бўлган.

Демак, Швеция мисоли қонун билан белгиланган пенсия ёши жамиятдаги «қачон пенсияга чиқиш керак» деган ижтимоий нормани ҳам ўзгартириши мумкинлигини кўрсатади. Шу тарзда кеч пенсияга чиқиш рағбатлантирилади.

Япония: аҳолининг қариши - миллий иқтисодий муаммо

Маълумки Япония ҳар томонлама уникал давлат. У дунёда аҳолиси энг тез қариб бораётган давлатлардан бири.

1994 йилги ислоҳот ёлланма ходимлар учун пенсия олиш ёшини 60 ёшдан 65 ёшга босқичма-босқич оширишни бошлади. Бу жараён бир неча ўн йилга чўзилди. Эркаклар учун тегишли ўтиш босқичи 2025 йилга келиб якунланади, аёлларда эса айрим қоидалар бўйича 2030 йилгача давом этади.

Қарор қонунчилик тартибида қабул қилинди. Япония ҳукумати пенсия ёшини ошириш билан бир вақтда катта ёшдагиларнинг ишлаш имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳам чоралар кўрди. Бу жуда муҳим жиҳат. Чунки меҳнат бозори одамларни 55 ёки 60 ёшда ишдан чиқариб юборса, пенсия ёшини 65 ёшга кўтаришнинг ўзи етарли эмас.

Натижа сезиларли бўлди. OECD маълумотларига кўра, пенсия ёшини 60 ёшдан 65 ёшга босқичма-босқич ошириш катта ёшдаги аҳоли бандлигининг сезиларли кўпайиши билан бирга кечган. Бугун Японияда 55–64 ёшлилар бандлиги G7 давлатлари орасидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Шунга қарамай, аҳоли қариши давом этаётгани сабабли 65 ёшнинг ўзи ҳам узоқ муддатли ечим бўлмаслиги мумкинлиги ҳақида муҳокамалар бор.

Хитой: ўнлаб йиллар кечиктирилган ислоҳот

Хитой тажрибаси ривожланаётган давлатлар учун айниқса қизиқ.

Яқин вақтгача Хитойда пенсия ёши нисбатан паст бўлган: худди Ўзбекистодаги каби, эркаклар 60 ёшдан, айрим аёллар 55 ёшдан, ишчи касблардаги баъзи аёллар 50 ёш пенсияга чиқишган.

2024 йил сентябрда Бутунхитой халқ вакиллари кенгашининг Доимий қўмитаси пенсия ислоҳотини маъқуллади. 2025 йил 1 январдан бошлаб пенсия ёши 15 йил давомида аста-секин оширилади.

Ислоҳотлар якунида эркаклар учун 63 ёш, бошқарув ва офис лавозимларида ишлайдиган аёллар учун 58 ёш; бошқа тоифадаги аёллар учун 55 ёш этиб белгиланиши режалаштирилган.

Хитойда бу қарор олий қонун чиқарувчи орган орқали қабул қилинган.

Асосий сабаб сифатида — аҳолининг жуда тез қариши кўрсатилган. 2035 йилга келиб Хитойда 60 ёшдан ошганлар сони 400 миллиондан ошиб кетиши мумкин. Лекин меҳнатга лаёқатли аҳоли сони камаймоқда ва минтақавий пенсия фондларига босим кучаймоқда.

Хитойда ҳам жамиятнинг бу ислоҳотларга муносабати бир хил бўлмади. Ижтимоий тармоқларда ёшларнинг иш билан таъминланиши, оғир меҳнат билан офис иши ўртасидаги фарқ, кекса ишчилар соғлиғи, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси ўртасидаги тенгсизлик каби мавзулар кескин муҳокама қилинди.

Хитой ҳам кўп давлатлар сингари радикал сакраш эмас, балки жуда узоқ — 15 йиллик босқичма-босқич ошириш йўлини танлагани аҳамиятга молик.

Бразилия: Конституцияни ўзгартириш орқали пенсия ислоҳоти

Бразилия 2019 йилда ривожланаётган давлатлар ичидаги энг чуқур пенсия ислоҳотларидан бирини амалга оширди. Унгача айрим фуқаролар катта умумий минимал ёш чегарасисиз, асосан етарли суғурта стажи асосида пенсияга чиқиши мумкин эди.

2019 йилги 103-сон Конституциявий тузатиш умумий минимал пенсия ёшини эркаклар учун 65 ёш, аёллар учун 62 ёш этиб белгилади. Шунингдек, пенсия ҳисоблаш қоидалари ўзгартирилди ва амалда ишлаб турганлар учун бир неча ўтиш режимлари жорий қилинди.

Бу ерда юридик механизм ҳам қизиқ. Пенсия қоидалари Конституция даражасида бўлгани учун оддий қонун етарли эмас эди. Тузатиш Конгрессда махсус квалификацияланган кўпчилик билан бир неча босқичда қабул қилинди.

Ҳукумат ислоҳотни пенсия харажатларининг тез ўсиши, аҳолининг қариши ва давлат молиясидаги муаммолар билан изоҳлади.

Расмий асосларда умр кўриш давомийлигининг ошиши, пенсия олувчилар сонининг кўпайиши ва аввалги эрта пенсияга чиқиш имкониятларининг ҳаддан ташқари юмшоқлиги қайд этилди.

Жамоатчилик реакцияси жуда оғриқли бўлди. Касаба уюшмалари умуммиллий намойишлар ва иш ташлашлар ташкил қилди. Шунга қарамай, ислоҳотлар якунига етказилди, ҳукумат ўз мақсадига эришди.

Индонезия: ўнлаб йиллар олдиндан белгиланган автоматик ошириш

Индонезия модели Франция ёки Бразилиядан анча фарқ қилади. 2015 йилги ҳукумат қарори пенсия ёшини кўтаришнинг автоматик траекториясини олдиндан белгилаб берди.

Индонезияда кўп йиллар давомида пенсия ёши 56 ёш бўлган. 2019 йилдан у 57 ёшга кўтарилди. Шундан кейин ҳар уч йилда бир йилдан оширилиши белгилаб қўйилди. Натижада 2022 йилда бу чегара 58 ёш; 2025 йилда — 59 ёш сифатида қарор топади. Агар шу график сақланса, пенсия ёши 2043 йилга келиб 65 ёшга етади.

Ҳукумат асосий сабаб сифатида умр кўриш давомийлигининг ошиши ва аҳоли саломатлигининг яхшиланишини кўрсатади. Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон ҳам шу баҳонани, йўғей, аргументни бўлажак пенсия ислоҳотлари учун олган.

Индонезияда кейинги ҳар бир ошириш учун янги қонун қабул қилиш талаб этилмайди: механизм 2015 йилдаёқ белгилаб қўйилган.

Бу сиёсий нуқтаи назардан қизиқ модел. Яъни давлат бир марта оғир қарор қабул қилиб, кейинги ўн йилликлар учун графикни олдиндан белгилайди.

Шу билан бирга, норозилик бутунлай йўқолмайди. 2025 йилда айрим касаба уюшмалари пенсия ёшининг 59 ёшга оширилишига қарши чиққан.

Индонезия мисоли олдиндан маълум автоматик график пенсия ислоҳотининг сиёсий кескинлигини қисман юмшатиши мумкинлигини кўрсатади.

Ўзбекистон ҳам ана босқичма-босқич, график асосида ўзгартиришлар моделини қабул қилмоқчи.

Қозоғистон: ошириш бошланди, кейин танаффус қилинди

Қозоғистон Ўзбекистон учун айниқса қизиқ мисол, чунки икки мамлакатда ҳам постсовет ижтимоий тизимининг айрим ўхшашликлари бор.

Қозоғистонда эркаклар учун пенсия ёши — 63 ёш. Аёллар учун эса ислоҳот 2018 йилдан бошлаб пенсия ёшини 58 ёшдан 63 ёшгача ҳар йили ярим йилдан оширишни назарда тутган.

Аммо бу ислоҳот жамиятда кучли норозилик уйғотди. 2022 йилда президент Қосим-Жомарт Тоқаев «кенг ижтимоий талаб»ни ҳам ҳисобга олган ҳолда аёллар пенсия ёшини 2028 йилгача 61 ёш чегарасида музлатиб қўйиш ҳақида топшириқ берди.

Ҳукумат қўшимча далил сифатида пандемиянинг аҳоли саломатлиги ва умр давомийлигига таъсири ҳам келтирилди. Ҳозирги графикка кўра, кейинчалик ёш чегарасини ошириш яна давом этиши керак. Яъни, 2028 йилда — 61,5 ёш, 2029 йилда — 62 ёш, 2030 йилда — 62,5 ёш, 2031 йилдан — 63 ёшга чиқади.

Қозоғистонда мазкур қарорлар қонунчилик ва сиёсий механизмлар орқали қабул қилинган. Қозоғистон тажрибасининг асосий сабоғи шундаки: пенсия ислоҳоти қабул қилинганидан кейин ҳам ижтимоий, тиббий ёки сиёсий вазият ўзгарса, унинг графиги қайта кўриб чиқилиши мумкин. Бу тизимга мослашувчанлик хусусиятини беради. Бироқ бошқа томондан, қоидалар тез-тез ўзгариши одамнинг ўз пенсиясини ўнлаб йил олдиндан режалаштириш имкониятини пасайтиради.

Туркия: радикал ошириш ва кейинчалик қисман ортга қайтиш

Туркия пенсия ислоҳотини дунёдаги энг драматик мисоллардан бири дейиш мумкин. Сабаби 1999 йилги ислоҳотгача Туркияда жуда эрта пенсияга чиқиш имконияти мавжуд эди. Етарли суғурта стажи билан эркаклар айрим ҳолларда 43 ёш атрофида, аёллар эса 38 ёш атрофида пенсияга чиқиши мумкин эди.

Бюлент Эжевит ҳукумати қоидаларни кескин қаттиқлаштиришни таклиф қилди. 4447-сонли қонун пенсия ёши учун янги минимал чегараларни белгилади. Жумладан, ўтиш даврида - аёллар учун 58 ёш, эркаклар учун 60 ёш, аста-секин 65 ёшлик чегарага ўтиш белгиланди.

Туркияда тегишли қонун парламент орқали қабул қилинди. Аммо жамоатчилик қаршилиги жуда кучли бўлди. Касаба уюшмалари умуммиллий намойиш ва иш ташлашлар уюштирди. 1999 йил июль ойида Анқарадаги йирик намойишда тахминан 200 минг ишчи қатнашгани ҳақида хабарлар берилган.

Норозилар ҳукуматни амалда «қабрда пенсия» тизимини яратишда айблаган. Лекин ҳукуматнинг молиявий аргументлари ҳам жиддий эди. Агар ислоҳот қилинмаса, ижтимоий суғурта тизими дефицити келажакда кескин ўсиши кутилган. Аммо қарийб чорак аср ўтиб давлат қисман ортга қайтди.

2023 йилда Туркия 1999 йил 8 сентябргача меҳнат фаолиятини бошлаган катта гуруҳ учун пенсия ёши чекловини бекор қилди. Улар учун яна асосий мезон суғурта стажи бўлиб қолди.

Ўзбекистон учун асосий сабоқ

Халқаро тажрибадан «бошқалар пенсия ёшини оширган экан, демак, Ўзбекистон ҳам ошириши керак» деган содда хулоса чиқариб бўлмайди.

Ҳар бир мамлакатда аҳоли орасида соғлом умр кўриш давомийлиги, меҳнат бозори, норасмий бандлик даражаси, пенсия миқдори, инсоннинг пенсия оладиган ўртача даври, кекса ёшда иш топиш имконияти турлича бўлади.

Аммо жаҳон тажрибаси Ўзбекистон учун бир нечта муҳим тамойилларни кўрсатади.

Энг барқарор модель шунда пайдо бўладики, давлат аввал жамоатчиликка очиқ актуал ҳисоб-китобни тақдим этиши ва бир қатор саволларга жавоб топа олиши керак: Агар ҳеч нарса ўзгармаса, 10, 20 ёки 30 йилдан кейин нима бўлади? Ислоҳот ўтказилса, қайси кўрсаткич ўзгаради? Қанча маблағ тежалади ёки қўшимча тушум шаклланади? Ким ютқазади ва ким ютади?

Иккинчидан, ўтиш даври етарлича узоқ бўлиши керак. Инсон пенсияга чиқишига икки-уч йил қолганда қоидалар кескин ўзгариб кетмаслиги лозим.

Учинчидан, давлат фақат «ким нима олади» деган саволга эмас, балки «ким нима йўқотади» деган саволга ҳам очиқ жавоб бериши керак. Жаҳон тажрибаси оғриқли ислоҳотни «ҳамма фақат ютади» деб кўрсатиш ишончни оширмаслигини, аксинча, пасайтиришини кўрсатади.

Ниҳоят, пенсия ёшини меҳнат бозоридан алоҳида кўриб бўлмайди. Агар давлат инсонга 63, 65 ёки 67 ёшгача ишлашни таклиф қилса, у яна бир саволга ҳам жавоб бериши шарт: шу ёшда уни ким иш билан таъминлайди?

Хулоса

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, пенсия ёшини ошириш оддий техник қарор эмас, балки давлат ва жамият ўртасидаги ижтимоий келишувни қайта кўриб чиқишдир. Франция, Туркия ва Қозоғистон мисолида бундай ислоҳотлар кучли норозилик келтириб чиқариши, ҳатто аввал қабул қилинган қарорларни кейинчалик қайта кўриб чиқишга мажбур қилиши мумкин. Германия, Буюк Британия, Швеция, Япония ва Хитой эса босқичма-босқичлик, узоқ ўтиш даври ва қоидаларни олдиндан эълон қилиш ижтимоий зарбани юмшатишини кўрсатади.

Қизиқ жиҳати, кўп давлатларда пенсия ёшини ошириш референдум орқали эмас, парламент ёки ҳукумат қарори билан амалга оширилган. Аммо қонуний қарорнинг ўзи жамоатчилик ишончини кафолатламайди. Бунинг учун давлат ислоҳотнинг сабаблари, иқтисодий ҳисоб-китоблари, фойда ва йўқотишларини очиқ тушунтириши зарур.

Ўзбекистон учун ҳам асосий савол фақат пенсия ёшини неча йилга оширишда эмас. Агар одамдан узоқроқ ишлаш талаб қилинса, унга муносиб иш ўрни, соғлиқни сақлаш имконияти, адолатли пенсия ва барқарор қоидалар ҳам таклиф қилиниши керак. Шундагина пенсия ислоҳоти оддий ёш чегарасини ошириш эмас, балки узоқ муддатли ва ишончли ижтимоий сиёсатга айланиши мумкин.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid