“Жадидлар изидан” республика танлови давом этмоқда
Интеллектуал беллашув икки синф тоифасида (6-7-8-синф ва 9-10-синф) ўтказиб келинмоқда.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан бу йил иккинчи маротаба ўтказилаётган “Жадидлар изидан” республика танлови 656 минг нафардан ортиқ ўқувчиларни қамраб олган йирик лойиҳалардан бирига айланмоқда.
Танлов орқали ўқувчилар буюк жадид аллома, адиб ва мутафаккирларимизнинг бой маънавий меросини ўрганмоқда, уларнинг китобхонлик маданияти ошмоқда, шунингдек, мустақил ва танқидий фикрлаш кўникмалари шакллантирмоқда.
Интеллектуал беллашув икки синф тоифасида (6-7-8-синф ва 9-10-синф) ўтказиб келинмоқда.
10-22 ноябр кунлари танловнинг ҳудудий босқичлари бўлиб ўтади. Унда туман-шаҳар босқичларидан муваффақиятли ўтган 416 нафар иштирокчи ўз имкониятларини синовдан ўтказишади. Мазкур босқичда иштирокчилар жадидлар фаолияти, ижоди ва асарларига оид “Бошқотирма”, “Асар таҳлили” ва “Иншо” шартлари асосида саралаб олинади. Ҳар иккала синф тоифаси бўйича энг юқори балл тўплаган 1 нафардан ўқувчи республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Танловнинг республика босқичида ҳар бир синф тоифаси бўйича энг юқори балл тўплаган 7 нафардан (I, II, III ўрин ғолиблари ҳамда энг юқори балл тўплаган 4 нафар) жами 14 нафар иштирокчилар хорижий давлатга таълим саёҳатига юборилади.
Ушбу танловнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳудудий ва республика босқичлари телекўрсатув шаклида тўлиқ ёзиб олинади. Бундан ташқари, бир ҳудуддан намунавий тарзда туман-шаҳар босқичидан 10 дақиқалик махсус кўрсатувлар тайёрланди. Ушбу махсус тайёрланган кўрсатувлар “Ўзбекистон 24” телеканали орқали намойиш этилади ҳамда танловнинг YouTube саҳифасига жойлаштириб борилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилги танлов ғолиблари Германияга таълим саёҳатига юборилганди. Ўқувчиларнинг танловга тайёргалигини ошириш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида эса ҳар бир мактабда “Жадидлар изидан” клублари фаолияти йўлга қўйилган.