Фарҳод Манноповнинг ўлимида гумонланган шифокорлар оқланди
Улар 2 йил муддатга соҳада ишлашдан маҳрум этилиб, турли муддатларга озодликдан чеклаш билан жазоланди.
Бугун жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида блогер Фарҳод Манноповнинг ўлими бўйича суд иши тугаб, 2 нафар шифокор айбсиз деб топилиб, оқланди.
Star Med Centr хусусий клиникаси отоларингологи А.Х. ва анестезиолог-реаниматологи Ж.Қ. Жиноят кодексининг 117-моддаси (хавф остида қолдириш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилиб, оқланди.
А.Х. ва Ж.Қ. Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига Жиноят кодексининг 45-моддасини (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўллаган ҳолда 2 йил тиббиёт соҳасида тегишлилиги бўйича отоларинголог ва анестезиолог-реаниматолог вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Ж.Қ.га Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида ўташ учун 2 йил тиббиёт соҳасида анестезиолог-реаниматолог шифокор вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил 6 ой 27 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси қолдирилиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Фарҳод Маннопов 2023 йил 5 март куни жарроҳлик амалиётидан кейин вафот этганди.