Фарход Маннапов вафот этган клиникада аввал ўлим ҳолати кузатилмаган – Бош прокуратура
Бош прокуратура хабар беришича, Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Фарход Маннаповнинг ўлими билан боғлиқ жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Тергов давомида жарроҳлик амалиётини ўтказган клиника шифокорлари, анестезиолог ҳамда марҳумнинг танишлари, шунингдек, жами 15 нафар шахс гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган.
Шу билан бирга, жиноят иши бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига тайинланган хизмат текшируви хулосаси олиниб, жиноят иши ҳужжатларига қўшилган.
Бундан ташқари, жиноят иши доирасида мураккаб экспертизаларни ўтказиш жараёни кетмоқда.
Дастлаб олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида 2013 йилда ушбу клиникада яна бир шахс жарроҳлик амалиёти вақтида вафот этганлиги ҳақида кўрсатма олинган.
Бироқ, тергов давомида ушбу важ ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли жиноят иши Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми «а» бандидан 116-моддаси 3-қисмига қайта малакаланган.
Барча зарур тергов ҳаракатлари ўтказилганидан сўнг иш бўйича қонуний тўхтамга келинади.