Тошкентда Бош прокуратура сохта ходими ушланди
У фуқаролар ишончига кирган ҳолда арзон нархда буғдой маҳсулотини сотиб олиб, уни қайта ишлаш орқали катта миқдорда даромад олиш мумкинлигини айтган ва 1,7 млрд сўмни қўлга киритган. Ер бўйича қарорни тиклаш ваъдаси эвазига эса 95 минг доллар олган.

Бош прокуратура Шахсий хавфсизлик бошқармаси томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида фуқаро А.А. ўзини Бош прокуратура ходими сифатида таништириб, бир нечта фуқароларнинг мол-мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Жумладан, тергов маълумотларига кўра, А.А. жабрланувчилар Б.М. ва С.Ш.га арзон нархда буғдой маҳсулотини сотиб олиб, уни қайта ишлаш орқали катта миқдорда даромад олиш мумкинлигини айтиб, уларнинг ишончига кирган ҳамда 1,7 млрд сўм пул маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Бундан ташқари, А.А. жабрланувчи М.Т.га тегишли МЧЖга Яккасарой тумани, Юнус Ражабий маҳалласи ҳудудида жойлашган 50 сотих ер майдони ажратиш тўғрисидаги Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори Олий суднинг ҳал қилув қарори билан бекор қилинганидан хабар топиб, мазкур қарорни қайта тиклаб бериш эвазига М.Т.дан 95 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Шунингдек, А.А. фуқаро И.Н. билан «Facebook» ижтимоий тармоғи орқали танишиб, унга Бош прокуратурада ишлашини маълум қилган ҳолда унинг ишончига кирган. Кейинчалик у И.Н.га баҳоси 8 500 АҚШ доллари бўлган, 2014 йилда ишлаб чиқарилган «Cobalt» русумли автомашинасини янги «Gentra» русумли автомашинасига алмаштириб беришини ваъда қилиб, автомашинани фирибгарлик йўли билан қўлга киритган ҳамда уни бошқа шахсга сотиб юбориб, берган ваъдасини бажармасдан, тушган маблағни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Худди шундай, А.А. фуқаро А.К. билан танишиб, унга Бош прокуратурада ишлашини маълум қилган ҳолда унинг ишончига кирган. Тергов маълумотларига кўра, маълум вақт давомида яқин муносабатда бўлган мазкур шахс А.К.га тегишли Юнусобод тумани 9-мавзе, 2-уй, 23-хонадон калитининг нусхасини қўлга киритиб, унинг саёҳатга кетганлигидан фойдаланган.
Шундан сўнг хонадонга ноқонуний равишда кириб, А.К.га тегишли жуда кўп миқдордаги тилла тақинчоқларни яширин равишда ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.
2026 йил 18 июнь куни А.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди, 169-моддаси 4-қисми «а» банди ҳамда бошқа моддалари билан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
"Агарда шунга ўхшаш ҳолатлар юзасидан, яъни А.А. ўзини прокуратура ходими сифатида таништириб, пул маблағларини ўзлаштирганлиги ҳақида маълумотга эга бўлсангиз ёки ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган бўлсангиз, зудлик билан Бош прокуратуранинг 1161 рақамли Ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, хабар беришингизни сўраймиз", дейилади хабарда.
Мурожаат қилувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.
