Сурхондарёдаги техникумда ўқувчига номақбул хатти-ҳаракатлар содир этган ходим ишдан бўшатилди
Техникумнинг ёшлар билан ишлаш бўйича директор ўринбосари ҳамда психологи лавозимларидан озод этилди. Яна уч кишига ҳайфсан берилган.

Касбий таълим агентлиги Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги 2-сон техникум ходимининг ўқувчига нисбатан номақбул хатти-ҳаракат содир этгани бўйича баёнот берди.
Жорий йилнинг 30 сентябрь куни ўқувчининг отаси мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар органларига мурожаат қилган.
Ваколатли органлар томонидан олиб борилган суриштирув ишлари натижасида ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилди. Мазкур ҳолат юзасидан суд муҳокамаси ўтказилиб, қонунчилик талабларига мувофиқ тегишли жазо чораси қўлланилди.
Мазкур ҳолат аниқланиши билан Касбий таълим агентлиги томонидан зудлик билан тегишли чоралар кўрилиб, техникумда хизмат ўрганилиши ташкил этилди. Унинг доирасида мазкур ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари, шунингдек, масъул ходимларнинг ўз хизмат вазифаларини бажариш ҳолати ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра, хизмат вазифаларини бажаришда йўл қўйган камчиликлари учун техникумнинг ёшлар билан ишлаш бўйича директор ўринбосари И. Чоршанбиев ҳамда психологи Я. Кенжаева лавозимларидан озод этилди.
Техникумнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Д. Тилова, ишлаб чиқариш таълими бўйича директор ўринбосари Б. Умиров ҳамда физика фани ўқитувчиси Г. Турдиевага ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилди.
Ўқувчига нисбатан номақбул хатти-ҳаракат содир этган техникумнинг ишлаб чиқариш таълими устаси К. Э. Ерниязов билан тузилган меҳнат шартномаси мамлакатимизда белгиланган қонунчилик тартиби ҳамда Касбий таълим агентлиги директорининг «Касбий таълим агентлиги тизимида меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш тўғрисида»ги буйруғига мувофиқ бир томонлама бекор қилинди, яъни ишдан бўшатилди.
Шунингдек, барча ҳудудларда ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўқувчилар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда таълим муассасаларида хавфсиз ва соғлом муҳитни таъминлашга қаратилган профилактик тадбирлар ўтказилмоқда, дейилади хабарда.





