platina.uz

ССВ блогер Фарҳод Маннопов вафот этган клиника вақтинчалик ёпилганини маълум қилди

Аввалроқ тармоқларда мазкур хусусий клиника ҳали ҳам ишлаётгани, вазирлик эса жамоатчиликка нотўғри ахборот тақдим этгани юзасидан хабарлар тарқалганди.
Жамият
14 март 2023 йил
ССВ блогер Фарҳод Маннопов вафот этган клиника вақтинчалик ёпилганини маълум қилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги блогер Ф.Маннопов вафоти юзасидан “OMAD PLYUS” МЧЖга қарашли “СтарМедЦентр” клиникасида текширувлар олиб борилаётганини, шу сабабли муассаса фаолияти вақтинча тўхтатилганини маълум қилган эди.

Шундан сўнг айрим интернет нашрларида мазкур хусусий клиника ҳали ҳам ишлаётгани, вазирлик эса жамоатчиликка нотўғри ахборот тақдим этгани юзасидан хабарлар тарқалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатли орган сифатида тиббий фаолият учун лицензия бериш жараёнини ташкил этишда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида белгиланган принципларга, хусусан, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини сақлашнинг, жамоат хавфсизлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг устуворлигига амал қилган ҳолда лицензиатлар томонидан лицензия талабларига тўлиқ мувофиқлик таъминланишини назорат қилади.

Шундан келиб чиққан ҳолда айни пайтда вазирлик тегишли органлар билан биргаликда фуқаро Ф.Маннопов вафоти юзасидан пойтахтимиздаги “СтарМедЦентр” клиникасида ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Дастлабки текширув маълумотларига кўра, мазкур тиббиёт муассасасида бир қатор лицензия талаб ва шартларига номувофиқликлар аниқланган.

Шу боис Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона низом”нинг 40-бандига асосланиб, вазирликнинг жорий йил 11 мартдаги 33-06795-сонли қарори билан “OMAD PLYUS” МЧЖга 2021 йил 16 февралда тиббий фаолият учун берилган 27390032-сонли лицензия талаблари ва шартлари бузилганлиги ҳамда келгусида салбий оқибатлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида вақтинча тўхтатилган.

Бу ҳақдаги маълумот эса вазирликнинг 33-06793-сонли хати билан шу йил 11 март куни мазкур клиниканинг электрон шахсий кабинети ва телефон рақамига SMS орқали юборилган. Қолаверса, 13 март куни тегишли ҳужжатлар қоғоз шаклида такроран клиниканинг почта ва фаолият манзилига жўнатилган.

Қолаверса, Адлия вазирлигининг мазкур реестерида ҳам ушбу ташкилотнинг лицензияси тўхтатилганлигини кўриш мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли қарори билан “OMAD PLYUS” масъулияти чекланган жамиятига тегишли ушбу хусусий тиббиёт муассасаси 2023 йил 14 март кунидан бошлаб, 10 кун муддатга ўз фаолиятини тўхтатганини вазирликка маълум қилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+